Logo

Қозоғистонда янги вице-президент тайинланди

Бугун 16:202 дақиқа

Тўқаевнинг яқин сафдоши Ерлан Карин Қозоғистонда қайта жорий этилган вице-президент лавозимини эгаллади.

Қозоғистонда янги вице-президент тайинланди

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Ерлан Каринни мамлакат вице-президенти этиб тайинлади. Бу лавозим мамлакатда 2026-йилда қабул қилинган янги Конституция асосида қайта жорий этилган.

31-август куни Астанада янги сайланган Қурултойнинг ялпи мажлисида Тўқаев Ерлан Карин номзодини вице-президентликка илгари сурди. Қурултойнинг 145 нафар аъзосидан 141 нафари унинг номзодини қўллаб-қувватлади. Шундан сўнг президент тегишли фармонни имзолади.

Ерлан Карин 1976-йилда Туркистон вилоятида туғилган. У 1997-йилда Актюбинск давлат университетининг тарих факультетини тамомлаган. 1999 йилда Ал-Фаробий номидаги Қозоғистон давлат университети фалсафа ва сиёсатшунослик факультети аспирантурасини якунлаган. Карин сиёсатшунослик фанлари номзоди ҳисобланади.

2019-йилдан буён Тўқаевнинг ёрдамчиси, давлат котиби ва давлат маслаҳатчиси каби лавозимларда ишлаган. У 2026-йил 30-июнда Президент администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган эди.

Лавозим ваколатлари

15-мартдаги референдум асосида Конституцияга киритилган ва 1-июлдан кучга кирган ўзгаришлар Қозоғистон давлат бошқарув тизимида қатор янгиликларни назарда тутди.

Унга кўра, Сенат тугатилиб, бир палатали парламент — Қурултой ташкил этилди. Шу билан бирга, 1995-йилдан кейин амалда бўлмаган вице-президент лавозими қайта тикланди.

Вице-президент президент томонидан Қурултой билан келишилган ҳолда тайинланади. У парламент, ҳукумат ва бошқа давлат органлари билан муносабатларда давлат раҳбари номидан иш юритиш ваколатига эга.

Янги Конституцияга кўра, президент муддатидан олдин лавозимидан озод этилган тақдирда, унинг ваколатлари вице-президентга ўтади.

Маълумот учун, Қозоғистонда вице-президент лавозими аввал ҳам мавжуд бўлган. У 1990–1995-йилларда амал қилган, кейин эса давлат бошқарув тизимидан чиқарилган.

Теглар

Мавзуга оид