Logo

Қозоғистонликларни рус тилини билмагани учун ҳақоратлаган россиялик блогер мамлакатдан чиқариб юборилди

Бугун 17:441 дақиқа

У шаҳар марказида одамлар «вигвамларда яшаши, от миниб юриши керак», деган фикрни билдирган. Яна бир эфирда рус тилини билмайдиганларни «бадбўй» деб атаган. Унга беш йил давомида мамлакатга кириш тақиқланди.

Қозоғистонликларни рус тилини билмагани учун ҳақоратлаган россиялик блогер мамлакатдан чиқариб юборилди

Остонада Россия фуқароси Ксения Гузаева, ижтимоий тармоқларда Фасооллка тахаллуси билан танилган стример, маъмурий жавобгарликка тортилиб, Қозоғистондан чиқариб юборилди. Бу ҳақда Остона полицияси хабар берди.

Маълум қилинишича, Гузаеванинг ижтимоий тармоқлардаги тўғридан-тўғри эфирлари мониторинг қилинган ва уларда провокацион ҳамда одоб-ахлоқ меъёрларига зид фикрлар билдиргани аниқланган.

«Хориж фуқароси суд қарори билан жарима шаклида маъмурий жавобгарликка тортилди. Унинг қонунда белгиланган тартибда мамлакат ҳудудидан чиқиб кетиши бўйича чоралар кўрилди. Қонунчиликка мувофиқ, унга Қозоғистонга беш йил муддатга кириш чекланади», — дейилади полиция хабарида.

Маълумотларга кўра, Гузаева ўз эфирларида Қозоғистон ва унинг аҳолиси ҳақида ҳақоратомуз гапларни айтган. Жумладан, у шаҳар марказида одамлар «вигвамларда яшаши, от миниб юриши керак», деган фикрни билдирган. Яна бир эфирда у «Олмаота қишлоғида биттадан кўп Starbucks борми?» дея савол берган ва рус тилини билмайдиган қозоғистонликларни «бадбўй» деб атаган.

Кейинроқ у ўз сўзлари учун узр сўраб, бу ноўрин ҳазил бўлганини айтган.

13-август куни Остона полицияси блогернинг мамлакатдан чиқиб кетаётгани акс этган видеони ҳам эълон қилди. Идора унга нисбатан суд қарори асосида маъмурий чора кўрилганини яна бир бор тасдиқлади.

Полиция Қозоғистон хорижий фуқаролар ва мамлакат меҳмонлари учун очиқ экани, бироқ улар қонунларга риоя қилиши ва давлат ҳамда унинг фуқароларига ҳурмат билан муносабатда бўлиши кераклигини таъкидлади.

Теглар

Мавзуга оид