
ҚҚС тушумларининг бир қисми маҳаллий бюджетларга йўналтирилади
ҚҚСдан тушган маблағларнинг муайян улуши ҳудудларнинг маҳаллий бюджетларига ажратилади. Шунингдек, маҳаллий бюджетларга ажратилган ушбу маблағларнинг камида 50 фоизи туман ва шаҳарлар бюджетларига ўтказилиши айтилмоқда.

ҚҚС тушумларининг бир қисми маҳаллий бюджетларга йўналтирилиши белгиланмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг кўриб чиқиш жараёнида Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилди.
Маълумотларга кўра, аввал қўшилган қиймат солиғи тўғридан-тўғри вилоят бюджетига ўтиб кетар эди. Энди эса тушган тушумларнинг 5 фоизи Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетига йўналтирилади. Ушбу тушумларнинг 20 фоизи эса қолган вилоятларга ажратилади. Президент қарори билан белгиланган йирик солиқ тўловчилар бу тартибдан мустасно ҳисобланади.
Шу билан бирга, маҳаллий бюджетларга ажратиладиган ушбу маблағларнинг камида 50 фоизи туман ва шаҳарлар бюджетларига ўтказилиши шарт қилиб белгиланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ умумий овқатланиш корхоналарига қарийб 44 млрд сўм ҚҚС қайтарилганлиги ҳақида хабар берилган эди.





