Logo

ҚҚСнинг соддалаштирилган тартибига ўтиш учун қарийб 5 мингта ариза қабул қилинди

Бугун 08:002 дақиқа

Ўзбекистонда умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини танлаш имконияти берилган.

ҚҚСнинг соддалаштирилган тартибига ўтиш учун қарийб 5 мингта ариза қабул қилинди

Тадбиркорлик субъектларидан қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибига ўтиш бўйича 5 601 та хабарнома келиб тушган. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Аризаларнинг аксарияти маъқулланган

Ўрганиш натижаларига кўра, юборилган хабарномаларнинг 4913 таси қабул қилинган.

Шу билан бирга, 352 та хабарнома белгиланган талабларга мос келмагани сабабли рад этилган. Яна 336 та хабарнома эса тадбиркорларнинг ўзи томонидан шахсий кабинет орқали бекор қилинган.

Солиқ қўмитасининг аниқлик киритишича, аризаси рад этилган тадбиркорлар асосий фаолият турини аниқлаштириб, бириктирилган солиқ инспекторига мурожаат қилишлари ва хабарномани қайта топширишлари мумкин.

Соддалаштирилган тартиб қандай ишлайди?

Шунингдек, қўмита соддалаштирилган режимни қўллаш шартларини эслатиб ўтди.

- ҚҚС ставкаси товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича барча айланмаларга нисбатан 6 фоиз этиб белгиланади;
- Сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланган ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилмайди;
- ҚҚС бўйича мавжуд имтиёзлар, преференциялар ва тўланган солиқнинг бир қисмини қайтариб бериш тартиби қўлланилмайди;
- ҚҚСнинг мавжуд салбий фарқ суммаси ҳисобдан чиқарилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини танлаш имконияти берилган.

Мазкур тартибдан давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналар ҳамда йирик солиқ тўловчилар фойдалана олмайди. Тадбиркорлар ушбу тизимга ўтиш учун «my.soliq.uz» орқали шахсий кабинетидан хабарнома юбориши лозим.

Теглар

Мавзуга оид