Қурилиш: давлат буюртмачилари фаолияти тўлиқ KPIга боғланади, ходимларнинг ойлиги 3 карра оширилади
Маҳаллий лойиҳачи, қурувчи ва консултантларни халқаро тендерларда иштирок этишга ўқитиш бўйича тизим яратиш вазифаси қўйилди.
© Фото: Хотам Мамадалиев / ЎзА.Мутасаддилар, буюртмачи вазирлик ва идоралар халқаро молия ташкилотлари билан музокараларда қурувчилар имкониятларини кўрсатиб бера олмаяпти. Бу ҳақда бугун, 14-апрел куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида сўз очилди.
Халқаро молия ташкилотлари билан 20 миллиард доллардан ортиқ инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда. Лекин кичик ва ўрта қурувчилар уёқда турсин, ҳатто юқори рейтинг, етарли маблағ ва техникага эга бўлган маҳаллий корхоналар ҳам ушбу бозорга тўлиқ кира олмаётгани, киргани ҳам субпудратчи бўлиб ишлаётгани қайд этилди.
Мутасаддилар, буюртмачи вазирлик ва идоралар халқаро молия ташкилотлари билан музокараларда қурувчилар имкониятларини кўрсатиб бера олмаётгани, шартнома шартларини белгилашда маҳаллий пудратчилар манфаатларини ҳимоя қилмаётгани, халқаро тендерлар шартларини ўргатмагани учун энг арзон нарх берган корхоналар ҳам тендерда рақобат қила олмаётгани танқид қилинди.
Шу боис, маҳаллий лойиҳачи, қурувчи ва консультантларни халқаро тендерларда иштирок этишга ўқитиш бўйича тизим яратиш вазифаси қўйилди. Қолаверса, қурувчилар қўшни давлатлардаги халқаро лойиҳаларда бош пудратчи бўлиб қатнаша бошлагани юқори баҳоланди.
42 минг камчилик ва 250 мингдан зиёд қоидабузарлик
Ўтган йили қурилиш объектида лойиҳачи ва буюртмачиларнинг назоратчилари 42 мингта камчилик қайд этган, Қурилиш инспекцияси эса яна 250 мингдан зиёд қоидабузарлик аниқлаган. Сабаб – лойиҳачи ҳамда буюртмачиларда муаллифлик ва техник назорат бўйича манфаатдорлик йўқ.
Шу боис, жорий йил 1-июндан бошлаб давлат буюртмачилари фаолияти тўлиқ KPIга боғланиши, ходимларнинг ойлиги 3 карра оширилиши белгиланди. Лойиҳа ҳужжатини ишлаб чиқиш учун объект қийматининг 5 фоизигача маблағ берилади, муаллифлик назорати учун эса алоҳида шартнома асосида тўлов қилинади.
Пудрат корхонаси билан бирга назоратчиларга ҳам чора кўриш зарур
Шу билан бирга, энди техник назорат ёки муаллифлик назоратчиси масъул бўлган объектда қўпол қоидабузарлик аниқланса, пудрат корхонаси билан бирга назоратчиларга ҳам қатъий чора кўриш зарурлиги қайд этилди. Лойиҳачининг «Шаффоф қурилиш»даги рейтинги ҳам пасайтирилади.
Ўтган йили 400 нафар қурилиш назоратчиси ёнкамера билан таъминланди, 1 минг 221 та ижтимоий ва инфратузилма объектига видеокузатув камералари ўрнатилди. Эндиликда бюджетдан қуриладиган қиймати 3 миллиард сўмдан юқори бўлган ижтимоий соҳа объектлари, кўп қаватли уй, йирик савдо ва саноат корхонаси, меҳмонхона, туризм объектлари қурилиши ҳам онлайн назорат камералари билан қамраб олинади. Урбанизация қўмитасига шаҳарсозлик қоидаларини қўпол бузганлик бўйича молиявий санкция жорий қилиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.





