Рақобат қўмитаси БАД рекламаларидаги қонунбузарликлардан огоҳлантирди
Маълум қилинишича, биологик фаол қўшимчаларни диабет, инсульт, гастрит ва бошқа касалликларни даволовчи восита сифатида реклама қилиш қонун талабларига зид.
© Фото: ShutterstockСўнгги вақтларда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда биологик фаол қўшимчалар (БАД), малҳам, суртма, бальзам, дамлама ҳамда минерал сувларни турли касалликларни даволаш воситаси сифатида тарғиб қилувчи рекламалар кўпайган. Рақобат қўмитаси бундай рекламалар юзасидан огоҳлантириш берди.
Қўмита маълумотига кўра, айрим рекламаларда ушбу маҳсулотлар диабет, инсульт, гастрит, юрак-қон томир, жигар, буйрак, артрит, гипертония ва бошқа касалликларни даволашда самарали восита сифатида кўрсатилмоқда.
Бу эса истеъмолчиларда БАДлар дори воситаси эканлиги ҳақида нотўғри тасаввур шаклланишига олиб келиши мумкин.
Ваҳоланки, ваколатли органлар хулосасига кўра, биологик фаол қўшимчаларнинг асосий вазифаси организмнинг фойдали моддаларга бўлган кундалик эҳтиёжини қондиришдан иборат. Улар дори воситаси ҳисобланмайди ва касалликларни даволаш учун мўлжалланмаган.
БАД рекламасига қандай талаблар қўйилган?
«Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 35-моддасига мувофиқ, биологик фаол ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламаси бир қатор талабларга жавоб бериши керак.
Жумладан, реклама:
● маҳсулот дори воситаси ёки даволаш хусусиятига эга деган таассурот уйғотмаслиги;
● одамларнинг ушбу маҳсулотдан фойдаланиб даволангани ёки аҳволи яхшилангани ҳақидаги ҳолатларга ҳавола қилмаслиги;
● фуқароларнинг миннатдорчилиги ёки тавсияларини ўз ичига олмаслиги;
● соғлом овқатланишдан воз кечишга ундамаслиги;
● тадқиқотлар ёки давлат рўйхатидан ўтганлик ҳақидаги маълумотлар орқали маҳсулот дори воситаларидан устун деган тасаввур уйғотмаслиги лозим.
Шунингдек, бундай рекламаларнинг ҳар бирида «Ушбу маҳсулот дори воситаси эмас» мазмунидаги огоҳлантириш бўлиши шарт.
Қўмита реклама берувчилар ва тарқатувчиларни қонунчилик талабларига риоя қилишга, истеъмолчиларни чалғитувчи ва асоссиз маълумотларни тарқатмасликка чақирди.
Реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун молиявий санкциялар қўлланилиши мумкин.





