Рақобат ва реклама қоидаларини бузганлар ҳақида хабар берган фуқаролар рағбатлантирилади
Ўзбекистонда рақобатга қарши келишувлар ва реклама қонунчилиги бузилгани ҳақида хабар берган шахсларга пул мукофоти бериш режалаштирилмоқда.
© yesware.comЎзбекистонда рақобатга қарши келишувлар ёки реклама қонунчилиги бузилгани ҳақида ваколатли органларга маълумот берган фуқароларни моддий рағбатлантириш таклиф этилмоқда. Бу бўйича ишлаб чиқилган низом лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига тақдим қилинди.
Лойиҳага кўра, рағбатлантириш Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Мукофот миқдори қонунбузарлик учун ундирилган жариманинг жамғармада қолган қисмига қараб белгиланади.
Хусусан, рақобатга қарши келишувлар, тил бириктириш ёки картел ҳолатлари ҳақида маълумот берганларга ундирилган маблағнинг 3 фоизи миқдорида мукофот тўланиши мумкин. Бироқ бу сумма базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан, яъни 41,2 миллион сўмдан ошмаслиги керак.
Реклама тўғрисидаги қонунчилик бузилгани ҳақида хабар берганларга эса ундирилган маблағнинг 10 фоизи миқдорида, аммо БҲМнинг 10 баравари — 4 миллион 120 минг сўмдан кўп бўлмаган миқдорда пул мукофоти бериш таклиф қилинмоқда.
Ташаббусдан мақсад
Лойиҳада таъкидланишича, рақобатга қарши яширин келишувларни аниқлаш амалда жуда мураккаб жараён ҳисобланади. Айниқса, картел ёки тил бириктириш ҳолатлари оғзаки келишув асосида амалга оширилганда, уларни исботлаш ва расмийлаштириш узоқ вақт талаб қилади.
Қонунчилик талаблари бузилишининг олдини олиш ва бундай ҳолатларни бартараф этиш мақсадида жамоатчилик назоратини кучайтириш, шунингдек, фаол фуқароларни рағбатлантириш орқали назорат механизмларини такомиллаштириш ҳамда мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш амалиётини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу эса бозорда адолатли рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.





