«Росатом»нинг Марказий Осиёдаги навбатдаги бекати — Қирғизистон

Москва Марказий Осиёда «ядровий занжир» яратишда давом этмоқда. Ўзбекистон ва Қозоғистондан сўнг Қирғизистон ҳам Россиянинг атом лойиҳалари орбитасига кирмоқда.

«Росатом»нинг Марказий Осиёдаги навбатдаги бекати — Қирғизистон

Қозоғистондан сўнг Москва Қирғизистонда ҳам атом электр станциясини (АЭС) қуришни мақсад қилмоқда. Бишкек «Росатом» билан музокаралар олиб борилаётганини тасдиқлади, бироқ якуний қарор, катта эҳтимол билан, умумхалқ референдуми орқали қабул қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда худди шундай овоз бериш жараёни аллақачон бўлиб ўтган ва фуқаролар лойиҳани қўллаб-қувватлаган эди. Шундан сўнг ҳукумат тендер эълон қилди ва унда «Росатом» ғолиб деб топилди.

1

Тараққиёт ва хавф-хатар

Қирғизистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Данияр Амангелдиев апрел ойи бошида АЭС масаласини референдумга олиб чиқиш ниятини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, мамлакат аллақачон инфратузилмани ривожлантириш ва ходимларни тайёрлаш бўйича «Росатом» билан фаол ҳамкорлик қилмоқда.

«Замон билан ҳамнафас бўлиш ёки бўлмаслик борасида халқ билан маслаҳатлашамиз», — деди Амангелдиев. У тинчлик мақсадидаги атом энергияси мамлакатни сурункали энергия тақчиллигидан қутқарувчи ягона йўл бўлиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Қирғизистонда электр энергияси етишмовчилиги муаммоси сўнгги йилларда янада кескинлашган. «Озодлик» хабарига кўра, бунга электр тармоқларининг эскиргани, истеъмол ҳажмининг ўсиши ва дарёлардаги сув сатҳига бўлган ўта юқори боғлиқлик сабаб бўлмоқда. Қишда ёки қурғоқчилик даврида ГЭСлар юкламани кўтара олмайди, бу эса ҳукуматни электр энергиясини импорт қилишга ёки вақтинча ўчиришларни жорий этишга мажбур қилмоқда.

2

«Қоғоздаги» технологиялар

«Росатом» Бишкекка РИТМ-200 реакторлари базасидаги кичик АЭС қуришни таклиф қилмоқда. Ушбу технология аслида муз ёрар кемалар флоти учун яратилган эди. Россия томони бу қурилмалар ишончли ва қуруқликда фойдаланиш учун мослаштирилган деган фикрда, бироқ мустақил экспертлар бунга шубҳа билан қарамоқда.

Ушбу технология ҳали вақт синовидан ўтмагани муҳим техник жиҳатлардан биридир. Айни дамда бу борада етарли тажриба мавжуд эмаслигини кўриш мумкин: Россиянинг ўзида ҳам ҳозиргача РИТМ-200Н базасида ишлайдиган бирорта ер усти АЭСи фойдаланишга топширилмаган — Ёқутистондаги илк лойиҳа ҳали амалга оширилиш босқичида турибди. Бундан ташқари, иқлим омилини ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди: Ёқутистоннинг доимий совуқ шароити Қирғизистоннинг баланд тоғли ҳудудларидан тубдан фарқ қилади.

Муҳандислик нуқтаи назаридан қараганда, фақат қоғозда ишлайдиган ва "сиёҳ билан совитиладиган" лойиҳаларгина мутлақо хавфсиз ҳисобланади. Токи қурилма реал металл конструкция ҳолида йиғилмас ва бир неча йил давомида синовдан ўтмас экан, ҳар қандай реклама ваъдалари амалиёт эмас, шунчаки назарий ҳисоб-китоб бўлиб қолаверади.

3

Геосиёсий тугун

Москванинг минтақага бўлган қизиқиши жуда кенг кўламли. Ўзбекистонда (Жиззах вилоятида) ҳам кичик РИТМ-200 реакторларини, ҳам йирик ВВЭР-1000 блокларини ўз ичига олган яхлит «ядровий кластер» яратиш режалаштирилган.

Кремлнинг қўшни давлатларда АЭС қуришга бўлган интилиши нафақат «Росатом» учун янги буюртмалар излаш, балки узоқ муддатли сиёсий мақсадлар билан ҳам изоҳланади:

·         Технологик жиҳатдан: Сервис ва техник хизмат кўрсатиш ишларини фақат россиялик мутахассислар амалга ошириши мумкин.

·         Ресурс жиҳатдан: Ёқилғи етказиб бериш ва чиқиндиларни утилизация қилиш Россия қўлида қолади.

·         Молиявий жиҳатдан: Лойиҳалар кўпинча кредит ҳисобига амалга оширилади, бу эса давлат қарзининг ошишига олиб келади.

4

Сейсмик хавф ва фойдаланилмаган салоҳият

Қирғизистонлик энергетика бўйича эксперт Расул Умбеталиев мамлакат ҳудудининг 90 фоизи тоғлардан иборат эканини ва у ерда тоғ ҳосил бўлиш жараёнлари ҳали ҳам фаол давом этаётганини таъкидлайди.

«Бизда ҳар куни 4–5 балли ер силкинишлари юз беради. Бундай юқори сейсмик хавф ҳудудида жойлашган объектнинг хавфсизлигига ҳеч ким юз фоизлик кафолат бера олмайди», — дейди эксперт.

Бундан ташқари, Умбеталиев вазиятнинг парадоксал жиҳатига эътибор қаратади: одатда АЭС сув танқис жойларда қурилади. Қирғизистон эса улкан гидроэнергетика салоҳиятига (йилига 160 миллиард кВт·соатгача) эга бўлиб, ҳозирда ушбу имкониятнинг атиги 10 фоизигина ўзлаштирилган, холос.

5

Арманистон контексти

Москва Ереванга ҳам босим ўтказмоқда. Мецамор АЭСининг хизмат муддати 10 йилдан кейин тугайди. Арманистон энергия манбаларини диверсификация қилишга интилиб, АҚШ билан кичик АЭСлар қуриш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бироқ Россия бу таъсир воситасини қўлдан чиқармоқчи эмас ва ушбу минтақада ҳам ўз лойиҳасини қабул қилдиришга уринмоқда.

Теглар

Мавзуга оид