«Роскосмос» ракеталарга реклама жойлаштиришни бошлади
Тўрт ой ичида «Роскосмос» давлат корпорацияси космик мақсаддаги ракеталарга тўртта Россия бренди логотипини жойлаштирди. Бу санкциялар жорий этилганидан кейин хорижий буюртмачилар йўқотилгани билан боғлиқ.
© Foto: forbes.com«Роскосмос» давлат корпорацияси хорижий шериклар билан ҳамкорликдан тушадиган даромадлар камайгани фонида космик ракеталарга реклама жойлаштиришни бошлади. 2026-йил бошидан буён унинг ракеталарида мудофаа банки ПСБ, «Кофемания» ресторанлар тармоғи, «Русская медиагруппа» радиохолдинги ва Россия олимпия қўмитаси рекламаси жойлаштирилди. Бу ҳақда 18-май, душанба куни «Роскосмос» вакилига таяниб, «Ведомости» газетаси хабар берди.
Корпорация вакилининг айтишича, йил бошидан бери Бойконур космодромидан жами тўртта ракета учирилган. «Роскосмос»га бундай тижорий фаолият билан шуғулланишга рухсат берувчи қонун 1-январдан кучга кирган.
Реклама жойлаштириш қиймати ҳукумат тасдиқлаган формула асосида ҳисобланади. Ракеталардаги рекламадан йиллик эҳтимолий даромад 205 миллион рублгача, космик инфратузилма объектларидаги рекламадан эса 5 миллион рублгача баҳоланган.
«Роскосмос» амалга оширилган рекламалардан аниқ қанча маблағ ишлаганини очиқламаган. «Ведомости» манбаси фақат реклама тушумлари давлат корпорациясининг тижорий даромадларида жуда кичик улушни ташкил қилишини айтган.
Санкциялар оқибатлари
«Роскосмос»нинг молиявий қийинчиликлари бевосита Украинадаги уруш билан боғлиқ. Санкциялар остига тушгач, корпорация хорижий буюртмачилардан айрилди ва бу 180 миллиард рубл зарарга олиб келди. Бу ҳақда аввалроқ давлат корпорацияси раҳбари ўринбосари Андрей Елчанинов маълум қилган эди.
2020–2024 йиллар давомида «Роскосмос»нинг умумий соф зарари 114 миллиард рублдан ошган. 2025 йил учун молиявий натижалар ҳали эълон қилинмаган.
Россия космик соҳасининг таназзули
2025-йилда Россия атиги 17 та космик учиришни амалга оширди. Бу 1961-йилдан буён иккинчи йил кетма-кет энг паст кўрсаткич бўлди. Айнан ўша йили Юрий Гагарин инсон тарихидаги биринчи космик парвозни амалга оширган ва ўша йил 9 та учириш бўлган эди.
Таққослаш учун: 1960-йиллар ўртасида СССР йилига 40 тадан ортиқ ракета учирган, 1970-йиллар бошида бу кўрсаткич 80–86 тага етган, 1982 йилда эса рекорд – 99 та учириш қайд этилган.
2025-йилда учиришлар сони бўйича Россияга Янги Зелландия етиб олди – у ҳам 17 та учиришни амалга оширган. Шу даврда АҚШ учиришлар сонини 145 тадан 181 тага, Хитой эса 68 тадан 91 тага оширган.
