Россия Ҳиндистондан бензин сотиб олишни бошлади
Ёзда Россияда бензин истеъмоли кунига камида 110 минг тоннани ташкил қилади.
© ReutersРоссия ҳукумати ички ёнилғи инқирозини юмшатиш мақсадида Ҳиндистондан бензин сотиб олишни бошлади. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.
Агентлик манбаларидан бирининг сўзларига кўра, Ҳиндистондан Россияга камида 60 минг тонна бензин жўнатилган. Бошқа бир манбанинг таъкидлашича, ҳар бири 30 мингдан 40 минг тоннагача бензин ташийдиган иккита танкер Россияга отланган. Учинчи манбанинг сўзларига кўра, Россия ҳар ой турли мамлакатлардан жами 400 минг тонна бензин импорт қилишни режалаштирмоқда.
Ёзда Россияда бензин истеъмоли кунига камида 110 минг тоннани ташкил қилади. Ҳисоб-китобларга кўра, июнь ойининг биринчи ярмида Беларусь Россияга темирйўл орқали бензин етказиб беришни май ойининг биринчи ярмига нисбатан деярли уч баравар ошириб, кўрстакич 70 минг тоннадан ошди.
Ҳиндистоннинг қайси нефтни қайта ишлаш заводи Россияга бензин етказиб бериши ҳали ҳам номаълум. Ҳиндистон Россия нефтининг энг йирик харидорларидан бири ҳисобланади. «Reuters» агентлиги таъкидлаганидек, июнь ойида Ҳиндистоннинг Россиядан нефть импорти рекорд даражага етди — кунига 2,7 миллион баррель, бу Ҳиндистоннинг умумий нефть импортининг ярмидан кўпини ташкил қилади.
Украинанинг Россия нефтни қайта ишлаш заводларига дрон ҳужумлари оқибатида юзага келган ёқилғи инқирози туфайли Россия Беларусдан кўпроқ ёнилғи сотиб олишни бошлади. Май ойининг бошидан бери Россияга етказиб бериладиган Беларусь бензинининг нархи 1,8 баравар ошди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон расмийлари Россиядан бензин импорти бўйича сўров бўлганини рад этганди. Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасида эса АИ-92 маркали автомобил бензинининг нархи тарихий рекордни янгилади ва бир тоннаси учун салкам 14 миллион сўмга етди.





