Россия иқтисодиёти йилнинг иккинчи чорагида 1,3 фоизга ўсди
Бу ўсишга бюджет харажатлари ва нефт нархининг юқорилиги ёрдам берди.

Россия ЯИМ (ялпи ички маҳсулоти) 2026-йилнинг иккинчи чорагида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 фоизга ўсди. Бу ҳақда Россия Давлат статистика қўмитаси (Росстат)нинг дастлабки маълумотларида айтилган.
Бу кўрсаткич Россия Марказий банки ва Иқтисодий тараққиёт вазирлиги прогнозларидан юқори бўлди. Улар мос равишда 0,8 фоиз ва 0,9 фоиз ўсишни кутган эди. Биринчи чоракда эса Россия иқтисодиёти йиллик ҳисобда 0,2 фоизга қисқарган.
Росстат маълумотлари эълон қилингач, Иқтисодий тараққиёт вазирлиги 2026-йилнинг биринчи ярмидаги иқтисодий ўсиш прогнозини 0,3 фоиздан 0,6 фоизга оширди. Шу билан бирга, Россия Марказий банки 2026-йил якунида иқтисодиёт 1 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда ўсишини кутмоқда. 2025-йилда Россия ЯИМи 1 фоизга, 2024-йилда эса 4,9 фоизга ўсган.
«The Insider» нашрининг ёзишича, иккинчи чоракдаги ўсишга бир нечта омил таъсир қилган:
«Иқтисодиёт иккинчи чоракда йил бошига нисбатан яхшироқ натижа кўрсатиши ойлик статистикалардан ҳам маълум эди. Бунга қисман тақвим ҳам таъсир қилди: 2026-йил апрел-июн ойларида ўтган йилнинг шу даврига қараганда иш кунлари кўпроқ бўлди. Шунингдек, бюджет харажатларининг ошиши ва нефт нархларининг юқорилиги ҳам иқтисодиётга ёрдам берди».
Инфляция қандай?
Росстат маълумотига кўра, 4–10-август кунлари Россияда истеъмол нархлари 0,06 фоизга пасайган. 10-август ҳолатига йиллик инфляция 6,05 фоиз. Россия Марказий банки 2026-йил якунида инфляция 6–7 фоиз атрофида бўлишини прогноз қилмоқда. Айни пайтда мамлакатда асосий фоиз ставкаси 14 фоизни ташкил этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Украина зарбалари фонида илк бор Ҳиндистондан бензин ола бошлаганди.





