
Россияда ҳар бир фуқарога бериладиган банк карталари сони чекланиши мумкин
Давлат Думаси жисмоний шахс учун жами 20 та, битта банкдан эса 5 тадан ортиқ карта очишни тақиқловчи қонунни йил охиригача қабул қилмоқчи.

Россияда фуқаролар томонидан олинадиган банк карталари сонини чеклаш режалаштирилмоқда. Давлат Думасининг молия бозори бўйича қўмитаси раиси Анатолий Аксаковнинг таъкидлашича, 2025 йил охиригача бир шахс учун умумий 20 та карта, бир банкдан эса кўпи билан 5 та картага рухсат беришни назарда тутувчи қонун қабул қилиниши кутилмоқда.
Бу чора Россия Марказий банки раҳбари Эльвира Набиуллина томонидан аввалроқ таклиф этилган эди. Унинг сўзларига кўра, чегараланмаган ҳолда карта бериш амалиёти «дропперлик» — яъни фирибгарлик йўли билан пулни чиқаришда воситачи бўладиган шахсларнинг фаолиятини енгиллаштирмоқда.
Набиуллина бу чеклов оддий ва ҳалол фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларига зарар етказмаслигини, аммо кибержиноятчиликка қарши самарали чора бўлишини таъкидлади. Шу билан бирга, дропперлар минглаб карталарни бир шахс номига расмийлаштириб, улар орқали фирибгарлик операцияларини амалга ошириши мумкин.
Август ойида бош вазир ўринбосари Дмитрий Григоренко раҳбарлигидаги аппарат «киберфирибгарликка қарши иккинчи пакет» доирасида бир шахс учун 10 тадан ортиқ карта беришни тақиқлашни таклиф этган эди. Сентябрда эса Россия Марказий банки ушбу 10 та лимитни қонун билан мустаҳкамлаш ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Бироқ ҳозирги пайтда ҳукумат яна дастлабки лимит — 20 та карта чегарасига қайтмоқда. Қонуннинг асосий мақсади — молиявий хавфсизликни ошириш ва кибержиноятчиликка қарши тизимли курашни ташкил этишдан иборат.
Эслатиб ўтамиз, худди шундай вақтинчалик тақиқ Ўзбекистонда Марказий банк томонидан 2025 йилнинг январида жорий этилган эди.





