
Россияда ОИТВ кўрсаткичлари Африка даражасига етди
Россияда ОИТВ юқтириб яшаётганлар сони 1,25 млн нафарга етди. Инфекция тарқалиш суръати Африка давлатларига яқинлашаётгани мутахассислар томонидан жиддий хавотир сифатида қайд этилмоқда.

Россияда Одам иммунитети танқислиги вируси (ОИТВ/ВИЧ) инфекцияси тарқалиши кескин ошмоқда. Охирги бир йил ичида вирус ташувчилари сони 35 минг нафарга кўпайиб, умумий ҳисоб 1,25 млн кишига етди. Бу ҳақда Федерал ОИТСга қарши кураш маркази раҳбари, академик Вадим Покровский маълум қилди.
Унга кўра, мамлакатда 15–50 ёшли аҳоли орасида ОИТВ юқтириб яшаётганлар улуши 1 фоиздан ошган. Айрим гуруҳларда кўрсаткич айниқса юқори: 40–45 ёшли эркаклар орасида инфекциялаш даражаси 4 фоизга тенг — бу ҳар 25-киши ОИТВ ташувчиси эканлигини англатади.
Покровскийнинг таъкидлашича, расмий ҳисобда турганлар сони 900 минг атрофида, яъни кўплаб беморлар тиббий назоратдан ташқари қолмоқда.
ЖССТ маълумотларига кўра, Россияда 100 минг кишига тўғри келадиган ОИТВ ҳолатлари сони 890 тани ташкил этади (рақам ҳар 1000 киши ичида қарийб 9 киши вирус юқтирганини англатади). Бу Гвинея, Либерия, Нигерия каби Африка мамлакатлари кўрсаткичларига деярли тенг ёки айримларидан юқори. Шу билан бирга, Россия Франция, Буюк Британия ва Швециядан бир неча баравар орқага қолмоқда.
РФ Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайд этган энг муаммоли ҳудудлар қаторидан Чукотка (79,1 ҳолат), Иркутск области (75,7) ва Самара вилояти (73,7) жой олган. Энг паст кўрсаткич Москва (11,3), Ингушетия (8,2) ва Чеченистонда (4,9) қайд этилган.
Россия йилига тахминан 70 млрд рубл ОИТВни даволаш учун сарфламоқда. Зарарланишнинг энг кенг тарқалган йўли — гетеросексуал алоқалар.
Покровскийнинг таъкидлашича, мамлакатда ОИТВни кечиктириб ёки нотўғри даволаш эҳтимоли юқори бўлиб қолмоқда. Кузатувлар бошланганидан бери 1,7 млн ҳолат қайд этилган, уларнинг ҳар учтасидан бири ҳалок бўлган.
Украинадаги уруш бошлангач, Россияда ОИТВ диагностикаси учун тестлар хариди кескин қисқартирилган. Ҳукумат 2035 йилга бориб ОИТВ тарқалишини 100 минг аҳолига 30 ҳолатгача қисқартириш режасини эълон қилган, аммо амалдаги тенденциялар бу мақсаднинг мураккаблигини кўрсатмоқда.





