Саида Мирзиёева: «Барчамиз зўравонликка муросасиз муносабатда бўлсаккина, жамиятимизда хавфсизлик ҳукм суриши мумкин»
Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлганларга нисбатан 2026 йилнинг 28 июнидан янада кескин жазо чоралари кўришга оид қонунчилик нормалари кучга кирганини эслатди.

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат учун жазо чоралари кучайтирилганини эслатди. Қайд этилишича, ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлганларга нисбатан жорий йилнинг 28 июнидан янада кескин жазо чоралари кўришга оид қонунчилик нормалари кучга кирган.
Энди бундай қилмишлар учун маъмурий жарималар икки баравар оширилди. Бундан ташқари, ҳуқуқбузарларга нисбатан 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиши мумкин. Бу турдаги ноқонуний хатти-ҳаракатларни қилишда давом этган шахслар эса жиноий жавобгарликка тортилиб, озодликдан маҳрум қилиниши назарда тутилмоқда.
«Аллоҳ яратган ҳар бир мавжудотнинг қадри бор, ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик учун жазонинг кучайтирилиши жамиятда шу қонуниятга бўйсунадиган соғлом муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.
Биз айнан шундай дунёда яшашни ва фарзандларимизни худди шу руҳда вояга етказишни истаймиз. Ўзгалар ҳаётига ҳурмат болаликдан бошланади. Бу борада асосий масъулият ота-оналарнинг зиммасида. Айнан улар ожизларга озор етказиш мумкин эмаслигини, одам ўз кучини шафқатсизлик орқали намоён этиши нотўғри эканини фарзандларига ўргатадилар. Мен ота-оналарни ушбу муҳим ҳақиқатни доимо эсда тутишга чақираман», — дея ёзди Саида Мирзиёева.





