Саида Мирзиёева БМТ вакили Бо Матиасен билан музокара ўтказди
Улар кибержиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш масалаларини кўриб чиқди.
© Saida Mirziyoyeva Telegram kanaliБугун, 21-апрел куни Президент Админстрацияси раҳбари Саида Мирзиёева БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи директори ўринбосари Бо Матиасен билан учрашди. Бу ҳақда Мирзиёва ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Қайд этилишича, мулоқот чоғида наркотаҳдидлар, уюшган жиноятчилик, кибержиноятчилик ҳамда коррупцияга қарши курашиш йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилган.
Шунингдек, Самарқанд форумини доимий фаолият юритувчи мулоқот майдонига айлантириш масалалари муҳокама қилинган.
«Ўзбекистоннинг БМТ Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов комиссиясига сайланиши амалий алоқаларни кенгайтириш учун янги имкониятлар очишига ишонч билдирилди», - дея ёзди Саида Мирзиёева.
Форум ҳақида
Самарқанд шаҳрида бутун жаҳон ҳамжамияти учун энг долзарб мавзулардан бирига бағишланган «Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш» мавзусидаги халқаро форум бўлиб ўтмоқда. Унда 50 дан ортиқ давлат вакиллари, 500 дан зиёд халқаро эксперт ва мутахассислар, шунингдек, БМТ, Интерпол, Европа Иттифоқи, МДҲ ва ШҲТ каби етакчи халқаро ташкилотлар делегатлари иштирок этмоқда.





