Logo

Самарқанддаги FIDE сайлови арафасида россиялик шахмат ташкилотчисига тегишлилиги айтилган можароли аудио тарқалди

Бугун 10:492 дақиқа

Унда россиялик мутахассис ўзбек амалдорларини ҳақоратлаган. Аудиоёзувда у 2018-йилда FIDE президенти сайловлари арафасида гўёки делегатларни қандай сотиб олгани ва овоз бериш схемаларини қандай ташкил қилгани ҳақида суҳбатдошига гапириб беради.

Самарқанддаги FIDE сайлови арафасида россиялик шахмат ташкилотчисига тегишлилиги айтилган можароли аудио тарқалди

Сентябр ойи охирида Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган FIDE президенти сайлови арафасида россиялик шахмат ташкилотчиси Марк Глуховскийга тегишли экани айтилаётган аудиоёзув тарқалди. Бу аудиоёзувни Украина Шахмат фередарацияси Facebook саҳифасида эълон қилди.

Унда Ўзбекистон вакиллари ва ўзбеклар ҳақида ҳам ҳақоратли ҳамда камситувчи иборалар ишлатилгани эшитилади. Аудионинг тўлиқ контексти ва унинг таҳрир қилинган-қилинмагани мустақил равишда тасдиқланган эмас.

Аудиоёзувда Глуховский 2018-йилда FIDE президенти сайловлари арафасида гўёки делегатларни қандай сотиб олгани ва овоз бериш схемаларини қандай ташкил қилгани ҳақида суҳбатдошига гапириб беради. Ўша пайтда у Россиянинг собиқ бош вазир ўринбосари Аркадий Дворковичнинг сайловолди кампанияси менежери бўлган. Сайлов натижаларига кўра, айнан Дворкович FIDE президенти этиб сайланган. 2022-йилда Аркадий Дворкович FIDE президенти лавозимига қайта сайланган. Унинг иккинчи президентлик кампанияси ҳам жанжаллар билан кечган.

Бироқ 2026-йил июл ойида Дворкович Европа Иттифоқи томонидан унга нисбатан шахсий санкциялар жорий этилганидан сўнг FIDE президенти лавозимини тарк этди. FIDE президентининг навбатдаги сайловлари 2026-йил 26–27-сентябр кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган. Улар ташкилотнинг Самарқандда бўлиб ўтадиган Бош ассамблеяси доирасида ўтказилади. Мавжуд маълумотларга кўра, Дворкович ўрнига Қозоғистон фуқаролигига эга россиялик бизнесмен Тимур Турлов номзод сифатида қатнашмоқда. Унинг сайловолди кампаниясига Марк Глуховский раҳбарлик қилиши керак.

Тарқалган аудиода Глуховский 2018-йилги сайлов жараёни ҳақида гапирар экан, турли мамлакатлардан келган делегатлар билан ишлаш, уларни қўллаб-қувватлашга кўндириш ва сайлов кампаниясида турли усуллардан фойдаланиш ҳақида сўз юритади. Айрим парчаларда пора бериш ҳақида ҳам иборалар ишлатилган.

Ёзувда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров ҳақида ҳам ҳақоратли фикрлар билдирилади. Суҳбат давомида Ўзбекистон вакилининг мақоми маълум бўлгач, гапирувчининг оҳанги ўзгаргани сезилади. Глуховский суҳбат давомида мамлакатнинг бош вазирини ҳам тилга олган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг FIDE сайловидаги овози аҳамиятсиз экани мазмунидаги фикрлар ҳам айтилган.

Глуховский унинг сўзлари муҳокамага чиққандан сўнг аудио Нидерландияда унинг розилигисиз ёзиб олингани ва қисмларга бўлиб тарқатилганини даъво қилган. У бу ҳолат бўйича полицияга мурожаат қилганини ҳам билдирган.

Можаро FIDE раҳбарлиги учун рақобат кучайган бир пайтда юз бермоқда. Ўзбекистон томонидан эса ҳолат юзасидан ҳозирча бирор муносабат билдирилмади.

Теглар

Мавзуга оид