Санкцияларга қарамай, Евроиттифоқ Россиянинг энг йирик савдо шериклари учлигига кирди

26.10.2025 | 20:312 дақиқа

2024 йилда Европа Иттифоқи Россиянинг ташқи савдосида учинчи ўринни эгаллади. Санкцияларга қарамасдан, икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми 67,5 млрд еврони ташкил этди.

Санкцияларга қарамай, Евроиттифоқ Россиянинг энг йирик савдо шериклари учлигига кирди

Европа Иттифоқи жорий этилган санкцияларга қарамасдан, Россия ташқи савдосида муҳим ўринни сақлаб қолмоқда. Немис иқтисодий институти (IW) маълумотларига кўра, 2024 йилда ЕИ Россиянинг учинчи йирик савдо ҳамкорига айланди. Bild нашрининг ёзишича, икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми 67,5 млрд евро (тахминан 78 млрд доллар) га етган.

Шу билан бирга, кўпгина Европа давлатлари Россиядан импорт ҳажмини кескин қисқартирган. Масалан, Германия 2021 йилга нисбатан Россия билан савдо ҳажмини 92 фоизга камайтирган бўлса-да, икки давлат ўртасидаги умумий савдо ҳажми ҳали ҳам 9,5 млрд доллар атрофида. Италияда бу кўрсаткич 83 фоизга, Белгияда 67 фоизга, Испанияда 63 фоизга, Чехияда 51 фоизга, Словакияда эса 31 фоизга пасайган.

Шу билан бир вақтда, Венгрия Россия билан савдо ҳажмини 31 фоизга ошириб, 6,2 млрд долларга етказган. Франция ва Нидерландия билан товар айирбошлаш мос равишда 6 млрд доллардан бўлган. IW ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йилда Россия экспорти йиллик 18 фоизга ўсиб, 330 млрд долларга етган.

Россиянинг асосий савдо шериги Хитой бўлиб қолмоқда — икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми 244,8 млрд долларга етган. Бунинг асосий қисми нефт, газ ва кўмир экспорти ҳисобига. Хитойга етказилган энергия ресурслари умумий қиймати 130 млрд долларни ташкил этган. Ҳиндистон иккинчи ўринни эгаллаб, асосан нефт импорти ҳисобига Россия билан савдони кескин оширган.

Солиштирганда, 2021 йилдан буён Россия билан савдо ҳажмини оширган давлатлар ҳам бор: Арманистон (+423 фоиз), Исроил (+240 фоиз), Ўзбекистон (+135 фоиз), Бразилия (+98 фоиз), Озарбойжон (+76 фоиз), Миср (+70 фоиз) ва Туркия (+53 фоиз).

Россия Федерал божхона хизмати маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январь–октябрь ойларида асосий савдо шериклар Хитой (33,8 фоиз), Ҳиндистон (8,8 фоиз) ва Туркия (8,3 фоиз) бўлган. Шу билан бирга, Беларус, Қозоғистон, Жанубий Корея, Германия, Арманистон, Италия ва Ўзбекистон ҳам биринчи ўнталикка кирган.

ФБХ раҳбари Валерий Пикалёв маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида Россия экспорти 195,5 млрд долларни (-6 фоиз), импорти эса 131,6 млрд долларни (+1 фоиз) ташкил этган. Асосий ҳамкорлар сифатида Хитой, Туркия, Ҳиндистон, Беларус ва Қозоғистон қайд этилган.

Теглар

Мавзуга оид