Сармишсой археология ёдгорлик ҳудудида ноқонуний олтин қазиб олингани аниқланди

Бугун 16:252 дақиқа

Навоийда Сармишсой ёдгорлиги ҳудудидан ноқонуний олтин қазиш натижасида давлатга 111 млрд сўм зарар етказилгани маълум бўлди.

Сармишсой археология ёдгорлик ҳудудида ноқонуний олтин қазиб олингани аниқланди © Видеодан кадр

Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида жойлашган Сармишсой археология ёдгорлиги ҳудудида ноқонуний равишда олтин қазиб олиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида яшовчи 40 ёшли фуқаро ушбу ҳудуддан қарийб 6 гектар ер майдонини аукцион орқали сотиб олган. Мазкур ер участкасидан белгиланган мақсадларга зид равишда фойдаланилгани аниқланган. Ҳудуд уч йил аввал археология ёдгорлиги сифатида миллий рўйхатга киритилиб, давлат муҳофазасига олинган эди.

Текширувлар давомида фуқаро 19 нафар ишчини жалб этган ҳолда таркибида олтин бўлган маъданли тошларни қўлбола усулда қазиб олгани маълум бўлди. Қазиб олинган хомашё қайта ишланиб, ундан олтин заррачалари ажратиб олинган.

Ишлаб чиқариш цехи фаолияти

Навоий вилояти ички ишлар бошқармаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида махсус ноқонуний ишлаб чиқариш цехи фаолияти фош этилди. У ердан 6 килограммга яқин олтин бўлиши мумкин бўлган қумсимон ярим тайёр маҳсулотлар, 1,4 килограмм кимёвий моддалар ва олтинни эритишга мослаштирилган ускуналар далилий ашё сифатида олинган.

Шунингдек, тўртта JAC русумли юк автомашинаси ва тўртта юкловчи трактор текширув учун жарима майдонига жойлаштирилган.

Етказилган зарар

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу қонунбузарлик оқибатида давлат манфаатларига ҳамда археологик ёдгорликка етказилган зарар миқдори 111 миллиард 489 миллион 672 минг сўмни ташкил этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 196−2-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Теглар

Мавзуга оид