«Saudi Aramco» Украина дронларини сотиб олиш бўйича музокара олиб бормоқда

Бугун 15:142 дақиқа

Дунёдаги энг йирик нефт экспортёри Эрон ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун Украинада ишлаб чиқарилган дронларни харид қилишни муҳокама қилмоқда. Ҳозирча 11 та давлат Украина технологияларига қизиқиш билдирди.

«Saudi Aramco» Украина дронларини сотиб олиш бўйича музокара олиб бормоқда

Саудиянинг йирик нефт компанияси «Saudi Aramco» (дунёдаги энг йирик нефть экспортёри) ўз қазилмаларини Эрон дронларидан ҳимоя қилиш учун Украинада ишлаб чиқарилган тутиб қолувчи дронларни харид қилиш бўйича музокаралар олиб боряпти. Бу ҳақда кеча, 12-март куни манбаларга таяниб, «The Wall Street Journal» хабар берди.

Музокаралар икки Украина ишлаб чиқарувчиси – «SkyFall» ва «Wild Hornets» билан олиб борилмоқда. Уларнинг қурилмалари душман дронларини тўсиш ёки яқинлашганда портлатиш орқали йўқ қилиши мумкин.

Шу билан бирга Саудия ҳукумати Украинанинг «Phantom Defense» компанияси билан радиоэлектрон кураш тизимларини харид қилишни ҳам муҳокама қилмоқда, бу дронларнинг алоқасини бундай тизимлар орқали бузиш имконини беради. «WSJ» манбаларига кўра, «Saudi Aramco» ўз ҳукумати ва минтақавий рақибларидан, жумладан Қатардан, харидларда ортда қолдирмасликка ҳаракат қилмоқда.

Украина ишлаб чиқарувчиларига қизиқиш

Украина технологияларига қизиқиш Форс кўрфази энергетика инфратузилмасига Эрондан қилинган ҳужумлардан сўнг сезиларли даражада ортди. 7-март куни Эрон дрони Саудиянинг «Berry oil field» қазилмасига зарба берди. Бунгача эса «Ras Tanura refinery» ва бошқа «Saudi Aramco» объектлари ҳамда Қатар, Кувайт, Баҳрайн ва БААнинг энергетика инфратузилмаси ҳужум остида бўлган.

Киев эса Яқин Шарқ давлатлари билан ҳарбий-техникавий ҳамкорликни фаоллаштирди. 8-март куни Украина президенти Володимир Зеленскийнинг хабар берганича, Украина мутахассислари Вашингтон сўрови асосида дронлар билан Америка базаларини ҳимоя қилиш учун Иорданияга юборилган. Зеленскийнинг айтишича, Украинага ҳамкорлик бўйича расман 11 давлат мурожаат қилган, жумладан Эрон билан қўшни мамлакатлар, бир қатор Европа давлатлари ва АҚШ.

«WSJ» қайд этадики, ҳозирча Украина дрон ишлаб чиқарувчилари экспорт учун етарли ҳажмда маҳсулот етказиб бера оладими ва Россиянинг Украинага қарши уруши давом этаётган шароитида Киев бунга рухсат берадими – аниқ эмас. Россия 2022 йилдан бери деярли ҳар куни Эронда ишлаб чиқилган «Шаҳед» камикадзе дронлари билан Украинага ҳужум қилади.

Теглар

Мавзуга оид