add

Саудия Арабистонида 11 млн тонна қимматбаҳо минерал топилди

Бугун 13:352602 дақиқа

Саудия Арабистонида аниқланган 11 млн тонна олтин, мис, рух ва кумуш захираси мамлакатнинг нефтдан ташқари иқтисодий диверсификациясини жадаллаштириши кутилмоқда.

Саудия Арабистонида 11 млн тонна қимматбаҳо минерал топилди

Дунёдаги энг йирик нефт захираларидан бирига эга бўлган Саудия Арабистони қимматбаҳо минераллар ҳисобидан иқтисодий салоҳиятини янада кенгайтирмоқда. Мамлакат жанубидаги Нажрон минтақасида олтин, мис, рух ва кумушни ўз ичига олган тахминан 11 млн тонна минерал захира аниқланди. Бу топилма Саудиянинг тоғ-кон саноатида муҳим бурилиш сифатида баҳоланмоқда.

Кашфиёт Almasane Alkobra Mining Company (AMAK) томонидан амалга оширилган. Компаниянинг маълум қилишича, 2025 йил феврал ойида бошланган кенг кўламли бурғилаш дастури доирасида ҳозирга қадар 27 минг метрдан ортиқ қудуқ қазилган. Айни пайтда лицензия майдонининг тахминан 10 фоизидагина қазиш ишлари олиб борилган бўлиб, захира ҳажмининг янада ошиши мумкинлиги қайд этилмоқда.

Дастлабки баҳолашларга кўра, янги аниқланган ресурс таркибида қимматбаҳо ва саноат учун муҳим металлар улуши юқори. Ушбу ҳудуд AMAK’нинг мавжуд ишлаб чиқариш объектларидан тахминан 100 км масофада жойлашгани сабабли логистика нуқтайи назаридан ҳам қулай ҳисобланади. Бу эса лойиҳанинг иқтисодий самарадорлигини оширади.

Компания 2026 йилда кенгайтирилган бурғулаш ва геофизик тадқиқотлар ўтказиб, мавжуд захира баҳоларини аниқлаштиришни режалаштирмоқда. Шунингдек, йилнинг иккинчи ярмида илк тўлиқ минерал ресурс ҳисоботи эълон қилиниши кутилмоқда.

Саудия Арабистони иқтисодиётни нефтга боғлиқликдан чиқаришни мақсад қилган Vision 2030 дастури доирасида тоғ-кон саноатига алоҳида эътибор қаратмоқда. Мутахассислар фикрича, Нажрондаги ушбу йирик топилма мамлакатнинг қимматбаҳо металлар бозоридаги ўрнини мустаҳкамлаб, экспорт ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади.

Аввалроқ Саудия Арабистонида Maaden компанияси Маккадан шимоли-шарқ томонда мамлакат тарихидаги энг катта олтин конларидан бирини кашф этганини ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид