add

«Sea Breeze Uzbekistan» лойиҳаси муҳокамаси 23 январ куни ўтказилади

Бугун 11:312 дақиқа

Лойиҳанинг атроф-муҳитга таъсири юзасидан жамоатчилик фикрини инобатга олиш мақсадида очиқ муҳокама ташкил этилмоқда.

«Sea Breeze Uzbekistan» лойиҳаси муҳокамаси 23 январ куни ўтказилади

«Sea Breeze Uzbekistan» лойиҳаси бўйича жамоатчилик эшитувлари 23 январ куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ўтказилади. Учрашув лойиҳанинг атроф-муҳитга эҳтимолий таъсирини баҳолаш ҳамда унинг экологик жиҳатдан хавфсиз амалга оширилишини таъминлаш масалаларига бағишланади.

Тадбир Миллий экологик қўмита ҳузуридаги Давлат экологик экспертизаси маркази ташаббуси билан ташкил этилмоқда. Эшитувлар давомида «Sea Breeze Uzbekistan» лойиҳасининг асосий параметрлари ва унинг ҳудуд ривожига таъсири жамоатчиликка тақдим этилади.

Муҳокамада ҳудудни режалаштириш ва қурилиш бўйича қабул қилинган ечимлар, атмосфера ҳавоси, сув ва тупроққа бўладиган таъсир, чиқиндиларни бошқариш тизимига оид масалалар атрофлича кўриб чиқилади. Шунингдек, яшил ҳудудлар ва сув объектларини муҳофаза қилиш, экологик хавфсизлик чоралари ҳамда доимий мониторинг механизмлари ҳам кун тартибидан ўрин олган.

Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, жамоатчилик эшитувлари лойиҳани амалга оширишда шаффофликни таъминлаш ва аҳоли ҳамда мутахассисларнинг таклифларини инобатга олишга қаратилган. Муҳокама натижалари кейинги қарорлар қабул қилиш жараёнида муҳим аҳамият касб этади.

Жамоатчилик эшитувлари 23 январ куни Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги биносида соат 10:00 да бошланади. Тадбирда жамоатчилик вакиллари, соҳавий мутахассислар ҳамда бошқа манфаатдор шахслар иштирок этиши мумкин. Ташкилий масалалар бўйича (+998 90) 348–11–55, ОАВ ва блогерлар учун (+998 90) 799–99–97 телефон рақамлари орқали маълумот олиш мумкин.

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида Чорвоқ сув омбори ҳудудида йирик курорт қуришни режалаштираётган «Sea Breeze Uzbekistan» компанияси Ўзбекистонда қўшма корхона сифатида 4 август куни расман рўйхатдан ўтди.

Лойиҳа таъсисчилари — Озарбойжоннинг Agalarov Development компанияси ва тадбиркор Улуғбек Абдурасулович Маҳмудов, ҳар бири 50 фоиз улушга эга. Корхона раҳбари этиб Сардор Санжарович Ҳамидов тайинланган. Улуғбек Маҳмудов шунингдек, Sunshine Investment, New Time-Projects ва Breeze Development компанияларига ҳам эгалик қилади.

Ҳукумат қарорига кўра, 577 гектар ер майдони 25 йил муддатга тўғридан-тўғри ижарага берилади ва муддат тугаганда узайтиришда устувор ҳуқуқ берилади. Ижара қиймати 1,7 трлн сўм (133,2 млн доллар) деб баҳоланган бўлса-да, инвестор беш йил давомида атиги 17 млрд сўм (1,3 млн доллар) тўлайди.

Теглар

Мавзуга оид