Сенат тўлов тизимларида хавфсизликни кучайтиришга қаратилган қонунини маъқуллади

Бугун 15:351 дақиқа

Янги қонун тўлов тизимларида фирибгарликка қарши механизмларни кучайтириш, биометрик идентификацияни жорий этиш ва лицензиялашни соддалаштиришни назарда тутади.

Сенат тўлов тизимларида хавфсизликни кучайтиришга қаратилган қонунини маъқуллади © Олий Мажлис Сенати

Ўзбекистон Сенати тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар берди.

Антифрод тизимларини жорий этиш

Ялпи мажлисда банк карталаридан фойдаланган ҳолда содир этилаётган ўғрилик ва молиявий фирибгарлик ҳолатларини камайтириш долзарб масала сифатида кўтарилди. Шу муносабат билан замонавий ҳимоя механизмлари ва антифрод тизимларини жорий этиш зарурлиги таъкидланди.

Ўзгартириш киритилган қонунлар

Қонунга мувофиқ, бир қатор асосий меъёрий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Жумладан, «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги, «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ҳамда «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунлар такомиллаштирилади.

Ушбу ўзгартишлар орқали тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини аниқ тартибга солиш, биометрик идентификация технологияларини жорий этиш ҳамда лицензиялаш жараёнларини соддалаштириш кўзда тутилган.

Расмий баёнотга кўра, мазкур қонун тўлов хизматлари бозорида хавфсизликни ошириш, молиявий фирибгарликларнинг олдини олиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Сенаторлар фикрича, янги тартиб-таомиллар рақобат муҳитини яхшилаш, лицензиялаш юкини камайтириш ва банклар ҳамда молиявий ташкилотларнинг бозордаги фаоллигини оширишга туртки беради.

Теглар

Мавзуга оид