Шавкат Мирзиёев Каримовни хотирасини йодга олди
Давлат раҳбарига собиқ биринчи хоним Татяна Каримова ва ҳукумат вакиллари ҳамроҳлик қилди.
© president.uz2-сентябр куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовни хотирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Президент Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, биринчи президентнинг ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.
Давлат раҳбарига Каримовнинг рафиқаси Татяна Каримова ва ҳукумат вакиллари ҳамроҳлик қилди.
Маросимда Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Ислом Каримовнинг Ўзбекистон мустақиллиги, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, халқ фаровонлигини юксалтириш йўлидаги хизматлари йодга олинди.
Олий Мажлис палаталари, Президент администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар вакиллари, зиёлилар ва Тошкент шаҳри жамоатчилиги ҳам биринчи президент ҳайкали пойига гуллар қўйди.
Хотира тадбирлари Самарқанд ва Қарши шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди.
Маълумот учун, Ислом Каримов мамлакатни 1989-йилдан 2016-йилгача бошқарган. Муқобиллик асосида 1991-йил 29-декабр куни ўтказилган биринчи умумхалқ президентлик сайловида Ўзбекистон президенти этиб сайланди. Кейинчалик ўтказилган референдумлар ва сайловлар (2000, 2007, 2015-йиллар) натижасига кўра умрининг охиригача ушбу лавозимни эгаллаб келган. 2016-йил 2-сентябр куни оғир касаллик (бош мия қон айланишининг бузилиши — инсулт) оқибатида 78 ёшида вафот этган. У ўзи туғилиб ўсган Самарқанд шаҳридаги Шоҳи Зинда мажмуаси яқинида дафн этилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги бўйича тадбирда ҳам Шавкат Мирзиёев Ислом Каримовни йодга олганди.





