Logo

Шавкат Мирзиёев: Ўзгаришларнинг ҳақиқий муаллифи меҳнаткаш ва олийжаноб халқимиз

Президент Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан давлат мукофотларини топширди.

Шавкат Мирзиёев: Ўзгаришларнинг ҳақиқий муаллифи меҳнаткаш ва олийжаноб халқимиз © Prezident matbuot xizmati

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан давлат мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда давлат раҳбари йиғилганларни мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги билан табриклар экан, ўтган давр тарих учун қисқа бўлса-да, асрга татигулик эканини таъкидлади.

«35 йил – тарих учун жуда қисқа давр. Лекин ортда қолаётган йиллар ўзининг кўлами, асрга татигулик давр бўлди, десак, асло муболаға бўлмайди», – деди Мирзиёев. 

Ушбу ўзгаришларнинг ҳақиқий муаллифи меҳнаткаш ва олийжаноб халқимиз экани таъкидланди. Президент мустақилликнинг қадр-қиммати қишлоқда ризқ-рўз яратаётган фермер ва деҳқонлар, фарзандларга таълим-тарбия бераётган устоз ва мураббийлар, асраётган шифокорлар меҳнатида намоён бўлишини қайд этди. 

Шунингдек, илм-фан тараққиётига янги ғоя ва кашфиётлар олиб кираётган олимлар, замонавий корхоналар барпо этаётган саноатчи ва тадбиркорлар, шаҳар ва қишлоқларни обод қилаётган қурувчи ҳамда архитекторларнинг ҳиссасига алоҳида тўхталди.

Президент мустақилликнинг куч-қудрати маданият, санъат ва спортни ривожлантириш йўлида хизмат қилаётган инсонларнинг маҳоратида, ислоҳотлар ижросини ҳар бир маҳалла ва ҳар бир хонадонга етказаётган давлат хизматчиларининг меҳнатида ҳам намоён бўлишини таъкидлади. 

Жойларда одамларни эзгу мақсадлар йўлида бирлаштираётган нуронийлар ва маҳалла фаоллари, халқ осойишталиги ҳамда Ватан тинчлигини таъминлаётган ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот ходимларининг жасорати алоҳида қайд этилди. 

«Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистоннинг энг катта натижаси, бу ўзгарган инсон, ўз кучига ишонган фуқаро, эртанги кунга дахлдорлигини ҳис қилаётган жамиятдир!» – деди Мирзиёев.

Фидойи ва бунёдкор ватандошларимиз, мустақилликнинг энг катта кучи ва таянчи бўлган бутун халқимизга чуқур миннатдорчилик билдирилди. 

Президент инсон қадри улуғланган, адолат ва тараққиётга таянган Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидан халқ билан биргаликда дадил борилаётганини таъкидлади.

Теглар

Мавзуга оид