Logo

Шавкат Мирзиёев ўзини қийнаётган нарса ҳақида айтди

Ўзбекистон президенти 3 кунлик давлат ташриф билан Жанубий Кореяда бўлиб турибди. Ташрифни ушбу мамлакатдан ёритиб бораётган журналист иш жадвали жуда тиғиз экани, Сеул Тошкентдан тўрт соат олдинда бўлгани учун давлат раҳбарининг иш куни тонгги соат 04:00 да бошланаётганини маълум қилди.

Шавкат Мирзиёев ўзини қийнаётган нарса ҳақида айтди © president.uz

Журналист Азиза Қурбонованинг ёзишича, Ўзбекистон президентининг давлат ташрифини ёритиш учун борган журналистларга ҳам, бутун делегацияга ва ҳаттоки президентга ҳам вақт етмаяпти. Мирзиёев Сеулда бўлиб ўтган ватандошлар билан мулоқотида шундай деди:

«Мен машинада кўп юраман, кўчада бир-бири билан мулоқот қилиб кетаётган ёшларни кўриб ўйлайман: қани энди улар энг бахтли кунлари шу эканини билсалар… Биласизларми, президент бўлиб мени нима қийнайди? Менга вақт етмайди!» — деди давлат бошлиғи.

Вақт билан етишмовчиликни эса журналист шундай тасвирлайди:

«Тасаввур қилинг, Сеул 4 соат олдинда. 15-сентябр Ўзбекистонда тонгги 6 бўлганида давлат раҳбарининг Корея Миллий ассамблеясида учрашуви бўлаётганди. Президентимиз парламент спикери билан хайрлашаётганида айтган гаплари қулоғимга чалинди: “Ишларимиз жуда кўп, соат 4 да уйғонишга тўғри келяпти”. 

Ишларимиз жуда кўпнинг маъноси, менимча, шундай: президентнинг иш дастурида тушга қадар 1 та учрашув, 1 та қабул, яна 200 кишилик Ўзбекистон-Корея бизнес форумида нутқ, ҳужжатларни имзолаш маросими, Ўзбекистон вилоятларида 5 та қўшма янги лойиҳага старт маросими, Кореянинг 10 та чебол компанияси (кўп тармоқли улкан оилавий бизнес) билан тет-а-тетлар. Бу вақтда эса яна бир залга одамлар тўпланди, Кореяда яшаётган, ўқиётган 50 га яқин ватандошлар маҳтал турибди. Бу ишларни бошида туриш тугул, шунчаки ўқиб кўрсангиз ҳам “эҳҳе” деворасиз.

Костюм-шим кийган жиддий одамларнинг гапларини эшитиб қоламан: “балки ватандошлар билан учрашув “отмен” бўлар? Учрашувга кирманг, деб айта қоламиз, саммитга тайёргарлик кўришлари керак, ҳали “обед” ҳам қилмадилар”.

Тушлик қилмай ишлашларига биз ҳам гувоҳмиз, айниқса, хорижда тадбир-тадбирга уланиб кетаверади. Кўпроқ одам билан гаплашишга ҳаракат қилади президент. Кўпроқ фойда олиб кетай юртимга, дейди президент», — дея ёзди Қурбонова.

У, шунингдек, давлат раҳбарининг тушлик қилмай ишлашларига ҳам гувоҳ бўлгани, айниқса, хорижда тадбир-тадбирга уланиб кетаверишини ёзди.

«Кўпроқ одам билан гаплашишга ҳаракат қилади президент. Кўпроқ фойда олиб кетай юртимга, дейди президент. Бир кун ичида ниҳоятда кўп одам билан гаплашиб, топшириқлар бергани, нутқ ўқигани —“non-stop” режими ўз таъсирини кўрсатади: президент баъзан томоғи қирилаётгани учун узр сўрайди, “булар менга сув ҳам бермайди” деб ярми ҳазил, ярми чин айтади.

Аудитория ёшлардан иборат. “Эл-юрт умиди” жамғармасининг стипендиатлари, ёки “аллақачон туп қўйиб палак ёзганлар” — 50 $дан бизнес бошлаб, бугун Ўзбекистондан импорт қилаётганлар, ёки университетда 7 корейс талабага ўзбек тилини ўргатишдан бошлаб, ҳозир йилига 70 дан ортиқ талаба ўқитаётган олималар ҳам бор.

Президент уларга ташриф тафсилотларини тушунтиради, нега Кореяга келгани, муносабатларимиз қандай ривожланиб бораётгани, шу ердаги фуқароларга қандай кўмак бериш мумкинлиги ҳақида суҳбатлашади. 10 га яқин ёшларнинг таклифларини тинглайди», — дея пост жойлади журналист.

Унинг айтишича, шу пайт протокол хизмати бир неча бор раҳбар олдига бориб, соат 9 бўлганини эслатган. Давлат раҳбари эса мулоқотда давом этган. Журналистлар мағзини чақишга уринган.

«Тўхтовсиз ишлаётганларига 9 соат бўлдими ёки муҳим тадбир бошланишига 9 соат қолдими? Учрашувда Кореяда тадқиқот қилаётган Елена Чуянова “тез-тез, шошилинч маданият”ни эслатади: 빨리빨리 문화 (ппалли-ппалли мунхва). Яъни, тараққиётдан орқада қолмаслик шарти — вақтни енгиш, нафақат “жисман”, балки “маънан енгиш”.

Кореяни ривожлантирган бу маданият президентимизнинг “шошилмасдан шошилиш” принципига ўхшайди. Замондан орқада қолмайдиган Ўзбекистон қуриш орзуси бу», — ёзади журналист.

Ўзбекистон етакчиси ватандошлардан бир дақиқа ҳам вақтни бекорга ўтказмасликни, ватанга садоқат билан хизмат қилишни сўраган.

«5 йил ўтади, 10-15 йил ўтади. Ким бошқаради Ўзбекистонни? Сизлар. Тўғри, соғинч қийнайди. Ватан соғинчи аламида кўпроқ илм олинглар, ватанга садоқат билан хизмат қилинглар», — деган президент.

Журналист Азиза Қурбонова 9 соат «тик оёқда» ўтган кун барибир якунланмаслиги, 16-сентябрда Марказий Осиё бешлиги ва Корея саммити бўлиши, президент эса ўз нутқини, ташаббусларни тайёрлашини таъкидлаган.

«Қачон раҳбар дам олади — бу саволга жавоб топиш бутун делегация учун ҳозирча жумбоқ», — қўшимча қилади у.

Мирзиёев 40 миллион аҳоли қараб турганини эслатиб, ўзини ҳам, бошқаларни ҳам ишламагунларича тинч қўймаслигини билдирган.

«Ўзимниям қийнайман, сизларниям, ишламагунларингча қўймайман, бизга 40 миллион халқ қараб турибди. Уларни рози қилишимиз керак», — дейди у.

Қурбонова эса 9 соатлик «non-stop»нинг сирини билмаслиги, лекин мақсад аҳолини рози қилиш эканини қайд этади.

Теглар

Мавзуга оид