Logo

Шавкат Мирзиёев: Қўшимча солиқ тушумлари бўйича йиллик режа атиги 40 фоизга бажарилган

Вилоят ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, вилоят солиқ раҳбарларига 498 та йирик солиқ тўловчи корхоналар билан яқиндан ишлаб, солиқлар тўлиқ ҳажмда йиғилишини таъминлаш топширилди.

Шавкат Мирзиёев: Қўшимча солиқ тушумлари бўйича йиллик режа атиги 40 фоизга бажарилган © president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида солиқ тушумларини ошириш бўйича мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани танқид қилинди. Шу муносабат билан Бухоро вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ботир Аҳмедов лавозимидан озод этилди.

Давлат раҳбари қайд этишича, йил бошидан буён солиқ тушумлари 27 фоизга ўсиб, 130 триллион сўмдан ошган. Бироқ қўшимча солиқ тушумлари бўйича йиллик режанинг бор-йўғи 40 фоизи бажарилган. Бу 12 триллион сўмлик кўрсаткични ташкил этади.

Президент вилоят ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари корхоналар билан етарли даражада ишламаётганини танқид қилди ва бу борада масъулият кучайтирилишини билдирди.

Йиғилишда Бухоро вилояти мисолида жиддий муаммолар келтирилди.

Қайд этилишича, йиллик айланмаси 100 миллион сўмдан юқори бўлган 162 та корхона кетма-кет уч йил зарар билан ишлагани учун бир сўм ҳам фойда солиғи тўламаган.

Шунингдек, яна 1,5 мингта корхона қўшилган қиймат солиғини тўламасдан, фақат ҚҚС чегирмаларидан фойдаланиб келгани маълум қилинди. Ана шу қониқарсиз натижалар сабаб Бухоро вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифасидан озод этилди.

Президент 1 июлдан бошлаб 498 та йирик солиқ тўловчи корхона бўйича солиқ ундириш ваколати вилоятларга ўтказилганини эслатиб, энди баҳонага ўрин қолмаганини таъкидлади.

Тўқимачилик корхоналари муаммоси

Йиғилишда тўқимачилик тармоғидаги вазият ҳам муҳокама қилинди. Маълум қилинишича, ҳозир 16 та тўқимачилик корхонаси кредит қарзлари бўйича суд ишлари чўзилаётгани сабабли деярли фаолият юритмаяпти. Бунинг натижасида 5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва 400 миллион долларлик экспорт имконияти бой берилмоқда.

Шу билан бирга, айрим банкларнинг муаммоли корхоналарни қайта тиклаш бўйича ижобий тажрибаси мисол қилиб келтирилди. Хусусан, «Тошкент коттон» корхонасига ташқи бошқарув жорий этилганидан сўнг ишлаб чиқариш қайта тикланган ва жорий йилда 10 миллион долларлик экспорт амалга оширилган.

Президент мутасаддиларга қолган муаммоли корхоналарга ҳам масъулларни бириктириб, уларнинг ишлаб чиқариш фаолиятини тезкор тиклаш чораларини кўришни топширди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ давлат активларини сотиб олишда аванс 30 фоиздан 15 фоизга камайтирилиши ҳақида хабар берилганди.

Теглар

Мавзуга оид