add

Шавкат Мирзиёев Туркия ва Озарбойжон вазирлари билан учрашди

Учрашувда Туркия ва Озарбойжон делегациялари билан Ўзбекистонда энергетика, геология ва саноатда қўшма лойиҳаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев Туркия ва Озарбойжон вазирлари билан учрашди

Президент Шавкат Мирзиёев 5 декабр куни Туркия энергетика ва табиий ресурслар вазири Алпарслон Байроқдор бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда Туркиянинг йирик «AKSA» ва «Cengiz Energy» компаниялари раҳбарлари — Жамил Казанчи ва Аҳмет Чингиз ҳам иштирок этди.

Томонлар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланаётганини мамнуният билан қайд этди. Ўзаро савдо ва инвестиция ҳажми ўсиб бормоқда, қўшма корхоналар сони кўпаймоқда, тўғридан-тўғри авиақатновлар кенгаймоқда. Хусусий сектор ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳалар икки давлат иқтисодий алоқаларини янги босқичга олиб чиқмоқда.

Сўнгги йилларда Туркия компаниялари иштирокида умумий қуввати 1,8 гигаватт бўлган 1 миллиард долларлик замонавий электр станцияларини қуриш лойиҳалари муваффақиятли якунлангани таъкидланди. Бу ҳамкорлик энергетика сиғимини ошириш ва соҳа инфратузилмасини барқарор ривожлантиришда муҳим қадам бўлди.

Учрашувда энергетика ва геология соҳаларида янги қўшма ташаббусларни илгари суриш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, замонавий технологияларни маҳаллийлаштириш, энергетика ускуналарини ишлаб чиқариш, тақсимлаш тармоқларини рақамлаштириш ва истиқболли конларни биргаликда ўзлаштириш бўйича лойиҳаларни кенгайтиришга эътибор қаратилди. Шунингдек, соҳалар учун мутахассислар тайёрлаш ва тажриба алмашиш аҳамияти ҳам таъкидланди.

Президент икки давлат манфаатларига хизмат қиладиган йирик лойиҳаларни амалга оширишда Туркия билан азалдан мавжуд ўзаро ишонч ва дўстлик муҳим омил эканини қайд этди. Томонлар иқтисодий шерикликни янада чуқурлаштиришга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Озарбойжон энергетика вазири Парвиз Шаҳбозовни қабул қилди. Ўзбекистон – Озарбойжон стратегик шериклиги ва иттифоқчилигини янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Барча даражалардаги алоқалар фаол экани, товар айирбошлаш барқарор ўсаётгани ва энергетика соҳасида муваффақиятли ҳамкорлик қилинаётгани мамнуният билан қайд этилди. Нефт ва газ соҳаси, геология-қидирув ишлари, «яшил» энергияни ривожлантириш ҳамда кимё саноатида қўшма лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.

Теглар

Мавзуга оид