Шавкат Мирзиёев Владимир Путин билан гаплашди
Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқди.
© KremlЎзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 22-май куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатлашди. Бу ҳақда икки давлат раҳбарларининг матбуот хизматлари хабар берди.
«Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев ўртасидаги телефон суҳбати давомида икки томонлама муносабатларнинг турли соҳаларда муваффақиятли ривожланиб бораётгани, шунингдек яқин келажакдаги алоқалар режалари муҳокама қилинди» – дейилади Кремл хабарида.
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон – Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.
Товар айрибошлаш 23 фоизга ошди
«Турли даражалардаги самарали алоқалар мамнуният билан қайд этилди. Парламентлараро, ишбилармонлик ва маданий-гуманитар алмашинувлар фаол ривожланмоқда», – дейилади хабарда.
Билдирилишича, товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсиб бормоқда, йил бошидан буён 23 фоизга ошди. Саноат, энергетика, транспорт ва бошқа муҳим соҳаларда, шу жумладан, минтақалар даражасида йирик кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режасини ҳам кўриб чиққан.





