Шикастланган давлат рақамини онлайн алмаштириш хизмати йўлга қўйилди
Маълум қилинишича, ариза юбориб, фото илова қилинади, кўриб чиқилгандан сўнг тўлов амалга оширилади.
© my.gov.uzЎзбекистонда автотранспорт воситасининг шикастланган ёки яроқсиз ҳолга келган давлат рақами белгисини онлайн тарзда алмаштириш хизмати жорий этилди. Бу ҳақда Ягона интерактив давлат хизматлари портали маълум қилди.
Қайд этилишича, энди фуқаролар давлат рақамини алмаштириш учун навбатда турмасдан, my.gov.uz портали орқали ариза юбориши мумкин.
Хизматдан фойдаланиш учун фуқаролар my.gov.uz порталига кириши, «Шикаст етган автотранспорт воситасининг давлат рақами белгисини тиклаш» хизматини танлаши ва аризани тўлдириб, унга шикастланган давлат рақамининг фотосуратини илова қилиши керак бўлади.
Ариза ваколатли орган томонидан кўриб чиқилгач, фуқарога тўлов учун инвойс юборилади.
«Тўлов амалга оширилгач, кўрсатилган ҳудудий бўлинмага борасиз ва эски рақамни топшириб, янгисини қабул қилиб оласиз», - дейилади хабарда.
Хабарга кўра, тўлов базавий ҳисоблаш миқдорига (БҲМ) асосланган:
• 1 жуфт (олди ва орқа) рақам учун: 1 854 000 сўм (4,5 БҲМ).
• 1 дона рақам учун: 927 000 сўм (2,25 БҲМ).
«Ариза юборишда рақамнинг ҳолати акс этган расм аниқ бўлишига эътибор беринг. Бу жараённи тезлаштиради ва ортиқча оворагарчиликнинг олдини олади», - дейилади хабарда.





