Си Жинпинг: «Тайван масаласи АҚШ ва Хитой ўртасида тўқнашувга олиб келиши мумкин»

Бугун 18:252 дақиқа

АҚШ ва Хитой раҳбарлари ўртасидаги музокараларда Хитой раҳбари Вашингтон Тайван масаласида хато қарор қабул қилса, икки давлат ўртасида тўқнашув келиб чиқиши мумкинлигини айтди.

Си Жинпинг: «Тайван масаласи АҚШ ва Хитой ўртасида тўқнашувга олиб келиши мумкин»

Пекиндаги Халқ йиғини саройида Хитой раҳбари Си Жинпин ва АҚШ президенти Доналд Трамп ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Учрашув аввалида Трамп бу саммитни «тарихдаги энг яхши учрашувлардан бири» бўлиши мумкинлигини айтганди. Асосий мақсад иқтисодий ва савдо муносабатларидаги зиддиятларни юмшатиш эди.

Бироқ музокаралар давомида Си Жинпин Тайван масаласида кескин баёнот берди. Унинг таъкидлашича, мазкур муаммога нотўғри ёндашув икки давлат муносабатларини хавфли босқичга олиб кириши мумкин.

«Агар бу масала тўғри ҳал қилинса, муносабатлар барқарор қолади. Нотўғри ёндашув эса зиддият ва ҳатто тўқнашувга сабаб бўлиши мумкин», деди Хитой раҳбари.

Тайван атрофидаги зиддият

Пекин Тайванни Хитой ҳудудининг бир қисми деб ҳисоблайди ва уни назоратга олиш масаласида қатъий позицияда қолмоқда. Вашингтон эса Тайван мустақиллигини расман қўллаб-қувватламаслигини билдириб келади, аммо орол билан норасмий алоқаларни сақлаб турибди.

Трамп эса Жинпиннинг огоҳлантиришига тўғридан тўғри муносабат билдирмади. Журналистлар саволига у фақат «ажойиб. Бу жой жуда зўр. Ақлбовар қилиб бўлмайди. Хитой жуда гўзал», дейиш билан чекланди.

Музокаралар икки соатдан ортиқ давом этди. Расмий маълумотлар асосан Хитой давлат ОАВлари орқали тарқатилди. Ғарб журналистлари эса узоқ вақт давомида музокара натижалари бўйича аниқ ахборот ололмади.

Эрон ва нефт мавзуси

Учрашувда Эрон мавзуси ҳам муҳокама қилинди. Трамп Пекиндан Теҳронга таъсир ўтказишни сўрагани айтилмоқда. АҚШ Эрондан Ҳўрмуз бўғозини очиш ва ядровий дастурни тўлиқ тўхтатишни талаб қилмоқда.

Таҳлилчилар фикрича, Хитой Эрон билан яқин иқтисодий алоқаларга эга бўлса-да, Пекиннинг Теҳронга босими чекланган. Шу сабабли Вашингтон кутган даражадаги натижага эришиш қийин бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 13 май куни Трамп Хитойга борди. Доналд Трампга ушбу сафарда йирик бизнес ва технология соҳаси вакиллари ҳамроҳлик қилмоқда. Делегация таркибидан Tesla ва SpaceX раҳбари Илон Маск, Apple раҳбари Тим Кук, Nvidia бош директори Дженсен Хуанг, шунингдек, Boeing, Meta, Citi, Goldman Sachs, Mastercard ва Visa компанияларининг топ-менежерлари ўрин олган.

Теглар

Мавзуга оид

Си Жинпинг: «Тайван масаласи АҚШ ва Хитой ўртасида тўқнашувга олиб келиши мумкин» | Vaqt.uz