
Сирдарёда овқатланиш шохобчасидаги портлаш ортидан жиноят иши қўзғатилди
Газ портлаши оқибатида 3 киши ҳалок бўлган.

2 декабр куни соат 10:49 да Сирдарё вилояти Тараққиёт маҳалласи ҳудудида жойлашган МЧЖга тегишли овқатланиш шохобчасининг ошхонасида газ баллони портлагани маълум қилинди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар берди. Дастлаб вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳодиса оқибатида вафот этганлар йўқлигини билдирган.
Кейинроқ 3 декабр 12:51 да Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳалок бўлганлар борлигини расман тасдиқлади.
Маълумотларга кўра, ўта оғир қабул қилинган беморлардан 3 нафари вафот этган. Ҳозирги пайтда шифохонага ётқизилган 1 нафар беморнинг аҳволи ўта оғир бўлиб, у сунъий нафас олиш аппаратида қолмоқда.
«Ҳодиса оқибатида 29 нафар фуқаро турли даражадаги куйиш ва тан жароҳатлари олган. Ш 26 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиалига ётқизилган, 3 нафарининг аҳволи қониқарли бўлгани боис амбулатор ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган», — дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Текширув доирасида бир нафар шахс процессуал тартибда қамоққа олингани маълум қилинди. Ҳолат юзасидар тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





