add

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг зўр раҳбарларга 30 млн сўмдан пул мукофоти берилади

10.11.2025 | 18:351 дақиқа

Шунингдек, улар раҳбарлик қилаётган шифохона ва поликлиника инфратузилмасини яхшилашга 500 миллион сўмдан ажратилади.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг зўр раҳбарларга 30 млн сўмдан пул мукофоти берилади

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан учрашувида раҳбарларни рағбатлантириш тизими ўзгартирилиши маълум қилинди.

Қайд этилишича, энг зўр вилоят ва туман соғлиқни сақлаш бўлимлари, оилавий поликлиника мудирларига «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тиббиёт ходими» унвони, орден ва медаллар, 30 миллион сўмдан пул мукофоти берилади. Улар раҳбарлик қилаётган шифохона ва поликлиника инфратузилмасини яхшилашга 500 миллион сўмдан ажратилади.

Ҳар бир вилоятда энг яхши 2 та туманнинг соғлиқни сақлаш бўлими раҳбари ва оилавий поликлиника мудири АҚШ, Германия, Буюк Британия, Корея, Туркия каби тиббиёти ривожланган мамлакатларга менежерликка ўқитиш учун юборилади.

Шунингдек, клиник протоколларни энг илғор тажрибалар асосида янгилаган, даволашнинг янги усулларини жорий қилган, туман ва маҳаллада ишни тўғри ташкил қилган, хориждан яхши ҳамкор топиб, мутахассис ва инвестицияларни олиб келган, марказини замонавий ускуналар ва лабораториялар билан жиҳозлаган, тиббий хизматлар экспортини каррасига оширган марказ директорлари, филиаллар раҳбарлари ҳам муносиб тақдирланади.

«Шундай қилсак, поликлиникада, туман ва вилоят шифохоналарида, республика марказларида рақобат ва ишчанлик муҳити пайдо бўлади, яхши тажрибалар юзага чиқади. Муносиб соҳа вакиллари адолатли мукофотланади, ғурури юксалади. Халқимиз ҳам бунинг бевосита иштирокчисига айланади», – деди президент.

Теглар

Мавзуга оид