Солиқ қарздорларига жорий этилган чеклов кимларга қўлланилмаслиги маълум қилинди

Бугун 14:351 дақиқа

Солиқ қарзи учун электр тўловига чеклов жорий этилишида ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар озод қилинади.

Солиқ қарздорларига жорий этилган чеклов кимларга қўлланилмаслиги маълум қилинди

Солиқ қўмитаси жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғи бўйича қарздорлигини ундиришда электр тўловларига чеклов жорий этиш масаласи нотўғри талқин қилинганини маълум қилди. Унга кўра, 1 миллион сўмдан ортиқ қарздорлик мавжуд бўлган ҳолларда ҳам электр энергияси узиб қўйилмайди.

Маълум қилинишича, ушбу механизм фуқароларга нисбатан босқичма-босқич огоҳлантиришлар берилганидан кейин ҳам қарздорлик бартараф этилмаган тақдирда қўлланилади. Бунда электр таъминотини ўчириш эмас, балки электр учун тўловларни амалга оширишга вақтинчалик чеклов жорий этилади.

Чеклов аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қуйидаги тоифаларига қўлланилмайди:

Ногиронлиги бўлган шахслар (1 ва 2-гуруҳ); боқувчисини йўқотган оилалар;

Ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган фуқаролар;

Қонунчиликда белгиланган бошқа имтиёзли тоифалар.

Мазкур тизим дастлаб 16-апрелдан эксперимент тариқасида Наманган вилоятида йўлга қўйилади. Эксперимент натижаларидан келиб чиқиб мазкур тажрибани бошқа ҳудудларда жорий этиш ёки этмаслик юзасидан 2026-йил 1-октябрга қадар Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилади. «Яъни электр энергиясининг биллинг тизими механизми тўғридан тўғри барча ҳудудларда жорий этилмайди», дейилади хабарда.

Қўмита маълумотларига кўра, ҳозирда Наманганда 1 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарзига эга 45,8 минг нафар жисмоний шахс мавжуд бўлиб, бу жами солиқ тўловчиларнинг 8 фоизини ташкил этади. Амалдаги тартибга кўра, бундай қарздорликлар суд орқали ундирилиши мумкин бўлиб, бу қўшимча харажатларга олиб келади.

Теглар

Мавзуга оид