Logo

Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари 8 йилдан ортиқ муддатга қамалди

Бугун 17:153 дақиқа

Президент томонидан лавозимидан олинганидан қарийб олти ой ўтиб, Солиқ қўмитаси раисининг собиқ биринчи ўринбосари Мубин Мирзаевга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди. Шайхонтоҳур туман суди уни 8 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилди.

Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари 8 йилдан ортиқ муддатга қамалди

Бугун, 27 июль куни Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида собиқ Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Мурод Мирзаев ва яна 9 нафар судланувчига оид жиноят иши юзасидан ҳукм эълон қилинди.

Суд ҳукмига кўра, Мурод Мирзаев Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдордаги мулкни ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш), 205-моддаси 2-қисми «а» банди (мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш оқибатида жуда кўп миқдорда зарар етказиш) ҳамда 208-моддаси (ҳокимият ҳаракатсизлиги) билан айбдор деб топилди.

Унга 3 йил муддатга муайян ҳуқуқлардан маҳрум қилиш ҳамда 8 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Суд ишида қатнашган бошқа айбланувчилар эса шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, ҳужжатлар ва муҳрларни қалбакилаштириш ҳамда бошқа жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.

Уларга нисбатан 4 йилдан 9 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди. Судланганлар орасида илгари бир неча бор судланган шахслар ҳам бор.

Шунингдек, суд ҳукми билан жиноят оқибатида етказилган зарарларни ундириш ҳам белгиланди.

Қайд этилишича, тайинланган жазолар судланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган кундан бошлаб ҳисобланади.

Суд мажлиси якунида тарафларга ҳукм мазмуни, шунингдек, унинг устидан шикоят бериш тартиби ва муддатлари тушунтирилди.

Мубин Мирзаев январ ойида лавозимидан олинганди

Эслатиб ўтамиз, Мубин Мирзаев 2026 йил 27 январ куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилганди.

Ўша йиғилишда давлат раҳбари солиқ тизимидаги қатор тизимли муаммоларни кескин танқид қилган. Хусусан, Шайхонтоҳур туман солиқ инспекцияси томонидан «Чорсу» бозорида тўлов интизоми таъминланмагани, «Малика» савдо мажмуасида эса вазият янада оғир экани қайд этилган.

Президентнинг таъкидлашича, мажмуада қарийб 1,5 минг тадбиркор фаолият юритган бўлса-да, уларнинг атиги тўртдан бири белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган. Шунингдек, тадбиркорларнинг қарийб 25 фоизи ойига 1 млн сўм ҳам солиқ тўламагани, 2025 йил декабр ойида эса пластик карталар орқали амалга оширилган 600 млрд сўмлик савдо тушуми яширилгани аниқланган.

Йиғилишда Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бюджет режасини ҳалол ишлаётган тадбиркорлардан ортиқча солиқ ундириш ҳисобига бажараётгани ҳам танқид қилинган. Хусусан, 46,4 мингта корхонадан 876 млрд сўм ортиқча тўлов ундирилгани маълум қилинган.

Бундан ташқари, Солиқ қўмитасида қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) бўйича сунъий ортиқча тўлов шакллантириб, уни бюджетдан ноқонуний қайтариш ҳолатлари кўпайгани қайд этилган. Ўша пайтда мазкур ҳолатлар юзасидан 20 нафар солиқ ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани очиқланган.

Давлат раҳбари ушбу йўналиш учун масъул бўлган, етти йил давомида Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Мубин Мирзаевнинг лоқайдлиги ва масъулиятсизлигини танқид қилиб, уни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилганди.

Теглар

Мавзуга оид

Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари 8 йилдан ортиқ муддатга қамалди | Vaqt.uz