Солиқ қўмитасига 6 ой давомида энг кўп қандай мурожаатлар тушгани маълум қилинди
2026-йилнинг январ-июн ойларида жисмоний ва юридик шахслардан Солиқ қўмитасига 26 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган.
© Davlat soliq qo'mitasi2026-йилнинг январ–июн ойларида Солиқ қўмитаси марказий аппаратига электрон ҳужжат айланиш тизими орқали 26 073 та мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар қилди.
Уларнинг 24 758 таси ёки 95 фоизи кўриб чиқилиб, ҳал этилган. Яна 40 та мурожаат ваколатли ташкилотларга юборилган, 36 таси ўрганиш жараёнида тасдиғини топмаган, 26 таси кўрмасдан қолдирилган. Ҳозирда 1 213 та мурожаат белгиланган муддатларда кўриб чиқилмоқда.
Қўмита маълумотларига кўра, солиқларга оид тушунтириш бериш бўйича 11 565 та мурожаат қайд этилган. Бу энг катта улушни ташкил қилди.
Солиқлардан озод қилиш ёки имтиёзлар бериш масаласида 299 та, тизим ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан 149 та, тадбиркорлик субъектлари фаолиятидаги қонунбузарликлар бўйича 15 та мурожаат келиб тушган.
Шунингдек, 14 045 та мурожаат бошқа турдаги масалаларга оид бўлган. Бу кўрсаткич фуқаролар ва тадбиркорларнинг мурожаат мавзулари жуда кенг қамровли эканини кўрсатади.
Тошкент етакчи
Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаат Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди. Жами мурожаатларнинг 36 фоизи айнан пойтахтдан юборилган. Ундан кейин Тошкент вилояти 9,2 фоиз ва Самарқанд вилояти 8 фоиз билан кейинги ўринларни эгаллади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Солиқ қўмитаси Марказий банкнинг йирик P2P ўтказмаларини солиқ назоратига олиш ташаббусини тўғридан-тўғри «Конституцияга зид» деб баҳолагани ортидан, баёнот билан чиққан эди.





