Солиқчилар учун алоҳида олий мактабга қабул бошланади
Президент қарорига мувофиқ, Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Солиқ олий мактабида 2026/2027 ўқув йилидан бакалавриат, кейинчалик магистратура ва олий таълимдан кейинги таълим босқичи йўлга қўйилади.
© Foto: Kun.uzЎзбекистон Республикаси Президентининг «Солиқ соҳасида малакали кадрлар тайёрлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қабул 2026 йилдан бошланади
Ҳужжатга мувофиқ, Солиқ қўмитаси ҳузурида ташкил этилган Солиқ олий мактабида 2026/2027 ўқув йилидан бакалавриат босқичига талабалар қабул қилиниши бошланади. Бакалавриат таълими камида уч йил давом этади.
2027/2028 ўқув йилидан эса магистратура ҳамда олий таълимдан кейинги таълим босқичлари йўлга қўйилади.
Қандай мутахассислар тайёрланади?
Олий мактабда солиқлар ва солиққа тортиш, рақамли солиқ маъмурчилиги, солиқ ҳуқуқи, молиявий назорат каби йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрланади.
Шунингдек, таълим муассасаси таркибида Малака ошириш ва компетенцияларни ривожлантириш маркази ҳамда Солиққа оид тадқиқотлар маркази фаолият юритади.
Касбий сертификатлар олишга кўмак берилади
Қарорга кўра, битирувчилар давлат намунасидаги диплом билан бирга солиқ маслаҳатчиси ва аудитор малака сертификатларини олиш учун зарур ўқув курсларини тугатганини тасдиқловчи ҳужжатга ҳам эга бўлади.
Бундан ташқари, бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасидаги халқаро ташкилотларнинг сертификатларини (ACCA, DipIFR, CAP/CIPA, CIA, AСА) олган Олий мактаб талабаларига ушбу сертификатларни олиш бўйича ўқиш харажатлари Олий мактаб томонидан қоплаб берилади.





