
ССВ «Электрон ретсепт» тизими бўйича муҳим саволларга жавоб берди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Электрон ретсепт» тизими бўйича аҳоли ва тиббиёт ходимларини қизиқтирган саволларга аниқлик киритди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 8-сентябрдаги тегишли қарорига мувофиқ, тиббиёт ташкилотларида дори воситаларини электрон ретсепт асосида тайинлаш тартиби белгиланди.
Унга кўра, янги тизим 2025-йил 10-декабрдан фақат Тошкент шаҳри ҳамда тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилаётган 15 та туман (шаҳар)да йўлга қўйилди.
Айни пайтда ушбу механизм юзасидан жамоатчиликда кўплаб саволлар туғилмоқда.
Шундан келиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ишчи гуруҳи аҳолини қизиқтираётган саволларга жавобларни тақдим этди.
Бугунги кунда «Электрон ретсепт» тизимига нечта тиббиёт ташкилоти ва дорихона уланган?
— Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасига қарашли жами 152 та давлат тиббиёт ташкилоти ва 1 496 та дорихонанинг барчаси тўлиқ «Электрон ретсепт» тизимига уланган. Ҳозирча пойтахтдаги мавжуд 1 945 та хусусий тиббиёт ташкилотидан 796 таси (41 фоиз) ушбу тизимга интегратсия қилинган.
Тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилаётган 15 та ҳудудда (Асака, Ғиждувон, Ғаллаорол, Чортоқ, Китоб, Хатирчи, Денов, Булунғур, Иштихон, Шовот, Чимбой, Қува, Сирдарё туманлари ҳамда Янгийўл, Самарқанд шаҳарлари) жами 383 та давлат тиббиёт ташкилоти ва 1 319 та дорихонанинг барчаси, мавжуд 858 та хусусий тиббиёт ташкилотидан 547 таси (64 фоиз) ушбу тизимга уланган.
Мазкур ҳудудлардаги қолган хусусий клиникалар эса ретсепт ёзилмаслиги, фаолияти тўхтатилганлиги каби сабаблар билан тизимга уланмаган.
Янги тизим жорий қилинган ҳудудлардаги тизимга уланмаган хусусий клиникага мурожаат қилган бемор ретсептни қандай олади?
— Бу ҳолатда беморлар ўзи бириктирилган оилавий поликлиника ва оилавий шифокорга ёки шошилинч тиббиёт муассасаларига мурожаат қилишлари мумкин.
Ҳозир ретсептли дориларнинг неча фоизи электрон шаклда берилади?
— Бугунги кунда ретсептли дориларнинг 98,9 фоизи электрон шаклда берилади. 1,1 фоизи, яъни алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддалар, таркибида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар сақловчи дори воситалари анъанавий шаклда (махсус ретсепт бланка) берилади.
Янги тизим жорий қилинган ҳудудлардаги ҳамма шифокорлар ретсепт ёзиш учун зарур ускуналар билан таъминланганми? Тизимни ишга туширишдан аввал уларнинг таклиф ва тавсиялари инобатга олинганми?
— Тошкент шаҳар ва тажриба-синов лойиҳаси жорий қилинаётган 15 та туман (шаҳар)даги давлат тиббиёт муассасалари ретсепт ёзиш учун зарур бўлган 9 турдаги ускуналар — ахборот-коммуникатсия технологиялари (моноблок, планшет, чек-принтер ва тармоқ қурилмалари) билан таъминланган.
«Тиббиёт ташкилотларида ретсепт билан бериладиган дори воситаларини электрон ретсепт асосида тайинлаш тартиби тўғрисида»ги Низом тиббиёт муассасалари ходимлари таклифлари асосида шифокорлардан иборат Ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилган.
Ретсепт билан сотиладиган дорилар рўйхати қайси мезонлар асосида шакллантирилган?
— Дори воситаларини ретсепт билан ёки ретсептсиз берилиш тартибини белгилаш уларни давлат рўйхатидан ўтказиш даврида аниқланиб, тегишли йўналишдаги шифокор мутахассислар томонидан хулосалар расмийлаштириб тасдиқланади.
Бунда:
- оригинал дори воситасининг қандай тартибда берилиши тасдиқланганлигига;
- ушбу дори воситаси ишлаб чиқарувчи давлатнинг тегишли органи томонидан қандай тартибда тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат берилганлигига;
- унинг фаол моддасининг дозаси, дори шакли ва қўлланиш усули ҳамда қадоқдаги сонига ҳам боғлиқ.
Шуни таъкидлаш жоизки, фаол моддалар, хусусан, Паратсетамол, Ибупрофен сақловчи комбинирланган дорилар ретсепт билан тиббиёт амалиётида қўлланилиши мумкин. Чунки ушбу дори моддаларининг бошқа фаол моддалар билан комбинатсиялари фармакологик хоссаларини кучайтириши, ножўя таъсирларни келтириб чиқариши мумкин.
Масалан:
– Аскорбин кислотаси таблетка ва дражеси (думалоқ) ретсептсиз, унинг инексион дори шакли эса ретсепт билан берилади.
– Паратсетамол ёки Ибупрофен таблеткалари, ёш болалар учун уларни сақлаган суспензиялар, сироплар, бел ва бўғимлардаги оғриқларда ишлатиладаган суртмалар ва геллар ретсептсиз бериладиган дорилар қаторига киради. Бироқ 500 мг. дан ортиқ Паратсетамол, Ибупрофен сақловчи мажмуавий дорилар ретсепт билан сотилади.
Тошкент шаҳридаги айрим дорихоналарда ретсептсиз сотиладиган дориларни харид қилишнинг имкони бўлмаяпти...
— Бу нотўғри. Чунки ретсептсиз сотиладиган дорилар тоифасига шамоллашга қарши, иситмани тушириш, назал спрейлар, шамоллаш туфайли танадаги оғриқларни бартараф этиш учун ичиладиган бир компонентли дорилар, ёш болалар учун Паратсетамол ёки Ибупрофен сақлаган суспензиялар, сироплар, бел ва бўғимлардаги оғриқларда ишлатиладаган суртмалар ва геллар киради. Бундан ташқари, аллергияга қарши, ич кетишида ва қабзиятда қўлланиладиган дорилар ҳам ретсептсиз сотилади.
Дорихоналардаги дориларнинг ретсептли ёки ретсептсиз берилиши уларнинг қадоғи ва қўллаш йўриқномаларида кўрсатилган бўлиб, бу аҳоли ва дорихона ходимлари учун қулайлик яратади.
Тошкент шаҳри ва 15 та тажриба ҳудудида жойлашган дорихоналарда жорий қилинган «Электрон ретсепт» тизими доирасида вужудга келаётган мурожаатларни қабул қилиш учун @ssv_pilotbot телеграм боти ташкил қилинди.
Дорихона ходимлари билан «Электрон ретсепт»дан фойдаланиш бўйича ўқув машғулотлари ўтказилганми?
— Албатта, дорихоналарнинг 17 минг нафардан ортиқ ходимлари «Электрон ретсепт» тизими билан ишлаш бўйича ўқитилди. Бундан ташқари, онлайн ўқув курслари ташкил этилди ҳамда видеодарсликлар тайёрланиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирилди.
Сурункали касаллиги бор беморлар бу жараёнда қандай йўл тутади? Ҳар гал ўзларига керакли дорилар учун қайта ретсепт оладими?
— Сурункали хасталиги бор беморларга амбулатор шароитда ретсепт ёзилганда, анаболик фаолликка эга айрим дори воситалари истисно тариқасида 60 кунлик, баъзи дори воситалари эса 90 кунлик даволаш курсига етарли миқдорда белгиланиши кўрсатилган.
Шунингдек, бундай беморларга «Электрон ретсепт» бўйича кафолатланган пакетга киритилган дори воситалари дорихоналар томонидан реимбурсатсия дастури асосида бепул берилади.
Шошилинч ҳолатда беморга тиббий ёрдам кўрсатиш зарур бўлса, керакли дори воситаларини қандай олади?
— Бундай беморларга шошилинч ҳолатларда тез тиббий ёрдам хизмати томонидан 67 турдаги, шошилинч қабул бўлимлари ва оилавий поликлиникаларда 34 турдаги асосий дори воситаларидан фойдаланган ҳолда тиббий ёрдам кўрсатилади.
Энди аҳолининг тегишли дори воситаларини ретсептсиз сотиб ололмаслиги ҳисобига оилавий поликлиникалар иш юкламаси ортмайдими?
— Тошкент шаҳридаги 12 та кўп тармоқли марказий поликлиника ва 71 та оилавий поликлиника ҳамда тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилаётган 15 та туман (шаҳар)даги 177 та 1-тип, 141 та 2-тип оилавий поликлиника ва 32 та 2-тип оилавий поликлиника филиалларига уларнинг қатнов қувватидан келиб чиқиб, аҳоли бириктирилган. Шу сабабли мазкур тиббиёт муассасаларининг беморларни қабул қилиш ҳамда уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун қуввати етарли.





