Суд тизимида ҳалол ва пок иш юритишни таъминлаш учун Комплаенс назорати ташкил этилади
Янги хизмат коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва олдини олиш, қонунчилик ҳамда касб этикаси талабларига риоя этилишини мониторинг қилиш билан шуғулланади.
© crypto.runfyers.comПрезидент Шавкат Мирзиёев судларда комплаенс назорати тизими самарадорлигини оширишга бағишланган тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Мамлакатда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, одил судловга бўлган ишончни мустаҳкамлаш, судлар фаолиятида очиқлик ва қонунийликни таъминлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва ходимларнинг касбий масъулиятини юксалтириш муҳим вазифа бўлиб қолмоқда.
Таъкидланганишича, судьялар билан бир қаторда қарийб 4,8 минг нафар суд аппарати ходимларининг ҳалол ва шаффоф фаолият юритиши ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Шу мақсадда Олий суд таркибида мустақил Комплаенс назорати хизмати ташкил этиш таклифи илгари сурилди.
Янги хизмат тўғридан-тўғри Олий суд раисига бўйсунади ҳамда ҳудудий судларда ишловчи комплаенс инспекторларидан иборат бўлади. У коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва олдини олиш, қонунчилик ҳамда касб этикаси талабларига риоя этилишини мониторинг қилиш билан шуғулланади.
Рақамлаштириш ва назорат кучайтирилади
Тақдимотда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича қатор бошқа чоралар ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, судлар аппаратида хавфи юқори бўлган лавозимлар рўйхати тасдиқланади, хавф даражаси юқори жараёнларни рақамлаштириш ва инсон омилини камайтириш чоралари кўрилади.
Шунингдек, судьялар ва суд аппарати ходимлари учун манфаатлар тўқнашуви, даромад ва мол-мулк декларацияларини тақдим этиш ҳамда таҳлил қилишнинг автоматлаштирилган электрон тизимлари жорий этилади.
Келгусида коррупция ва интизом бузилишларига олиб келувчи хавфларни аниқловчи махсус электрон ахборот тизимлари ишга туширилиши режалаштирилмоқда.
Коррупция ҳақида хабар берган ходимларни ҳимоя қилиш ва фуқаролар учун хавфсиз мурожаат каналларини яратиш ҳам назарда тутилган.
Суд аппаратига қабул қилиш тартиби ўзгаради
Суд аппаратига ишга қабул қилиш тизими очиқ танлов ва меритократия тамойиллари асосида қайта ташкил этилади.
Номзодларнинг касбий билими, маънавий-ахлоқий фазилатлари ва ҳалоллиги замонавий баҳолаш механизмлари орқали текширилади.
Бундан ташқари, суд тизими ходимлари учун тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ёки хорижда ҳисобварақ очиш каби чекловлар жорий этилиши мумкин.
Тақдимотда суд аппарати ходимлари учун ихтисослашган хизмат кийимини жорий этиш таклифи ҳам кўриб чиқилди.
Президент суд тизимида ҳалоллик ва адолат муҳитини мустаҳкамлаш аҳолининг суд ҳимоясига бўлган ишончини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.





