Сунъий интеллект ривожи энергетика учун янги муаммоларни келтириб чиқармоқда — ОАВ
07.07.2025 | 22:403 дақиқа
Сунъий интеллект, булутли технологиялар ва машинали ўқитишнинг жадал ривожланиши дунё энергетикаси олдига янги қийинчиликларни қўймоқда.

Politico нашрининг ўз манбасига таяниб ёзишича, бу жараён электр энергияси истеъмолида кескин ўсишга сабаб бўлмоқда ва дата-марказлар 2030-йилларга бориб энг тез ўсувчи энергия истеъмолчиларидан бирига айланиши кутилмоқда.
СИ билан ишлайдиган дата-марказлар суткалаб узлуксиз ишлайди ва катта қувват талаб қилади. Шунинг учун уларнинг жамланиши электр тармоқларидаги мавжуд юкламаларни янада оғирлаштириб, энергетик мувозанат ва СИ инфратузилмасининг ривожи учун жиддий хавф туғдирмоқда.
Мутахассислар бундай шароитда барқарор ривожланиш учун энергетика ва рақамли соҳалардаги сиёсатларни уйғунлаштириш зарурлигини қайд этмоқда. Хусусан, BECCS технологияси (биоэнергия ишлаб чиқаришда углерод қўшоксид газини ушлаб қолиш ва сақлаш) қўлланиладиган манбалар яқинида дата-марказлар қуриш истиқболли йўналиш сифатида кўрилмоқда. Бундай лойиҳанинг илк намунаси Буюк Британияда амалга оширилмоқда ва у дунёдаги биринчи манфий углеродли дата-марказга айланиши мумкин.
Дата-марказларни электростанциялар яқинида жойлаштириш тармоқ тизимини барқарорлаштириши, энергия узатишдаги йўқотишларни камайтириши ва юклама юқори бўлган узелларни енгиллаштириши мумкин.
Шу билан бирга, бундай лойиҳаларни амалга ошириш учун миллий тармоқлар ва хусусий истеъмолчиларни бир вақтда таъминлашни тақиқловчи меъёрий чекловларни қайта кўриб чиқиш талаб этилади.
Таҳлилчиларнинг хулосасига кўра, энергетик ва рақамли стратегияларни уйғунлаштириш нафақат энергетик хавфсизликни таъминлайди, балки СИ ривожини ҳам барқарор асосда йўлга қўйиш имконини беради.





