Сув остидаги Тошкент: инфратузилма муаммоси яна кун тартибида

Кечаги ёмғир Тошкент дренаж тизимидаги тизимли муаммоларни яна бир бор ошкор қилди.

3-май, якшанба куни кечқурун Тошкентда кузатилган баҳорги ёмғир пойтахт дренаж тизимининг аслида қандай аҳволда эканини кўрсатиб бериш учун етарли бўлди. Ижтимоий тармоқлар сув тўпланиб қолган кўчалар, ичида одамлари билан қолиб кетган автомобиллар ва «бассейн»га айланган метро бекатлари акс этган видеолар билан тўлиб кетди. Кўпчилик учун бу бироз ноқулайлик туғдирган бўлса, шаҳарсозлик сиёсати учун жиддий саволларни кун тартибига чиқарди.

Тармоқ фойдаланувчилари томонидан тарқатилган фото ва видео материалларда кўп қаватли уйлар олди ва катта кўчалар сувга тўлгани, бир машина ичида одам қолиб кетгани ва автомобил юролмай қолганини кўриш мумкин.

Тошкент метрополитенининг «Чорсу» бекатида эса анча жиддий ҳолат кузатилган. Ёғин сувлари нафақат бекатга кириш йўлакларини, балки унинг ички қисмига ҳам кириб кетган. Шунингдек, шаҳар марказий кўчаларида дренаж тизими юкламани кўтара олмагани оқибатида автомобиллар ҳаракати қийинлашган.

Ёғингарчилик оқибатидан Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси бўйича илмий-амалий тиббиёт маркази биноси ҳам зарар кўрди. Марказ хоналарига сув кириши оқибатида беморлар ва ходимлар хавфсизлигини таъминлаш учун ФВВ вакиллари жалб этилиб, ҳудуддаги сув соат 21:00 ларга қадар тўлиқ чиқариб ташланган.

Гарчи «Тошкент-Обсерватория» таянч станцияси 4.6 мм ёғин қайд этган бўлса-да, шаҳарнинг бошқа қисмларида ёғин миқдори турлича бўлган. Натижада, мавжуд ирригация тармоқларининг ўтказувчанлик қобилияти бу ҳажмдаги сувни қабул қилишга етмаган. Айни вақтда барча объектлар, жумладан метрополитен ҳам штат режимида иш фаолиятини давом эттирмоқда.

Сарфланган маблағ ва кутилган натижа

Сўнгги йилларда пойтахт ирригация ва дренаж тизимини яхшилаш масаласи фақат ваъдалар даражасида қолмаётгандек эди. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2024-йилда Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқовнинг қарори билан пойтахт дренаж тизимини модернизация қилиш учун 6 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Бундан ташқари, маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан яна 20 миллиард 400 миллион сўм ажратилди.

Жами 26 миллиард сўмдан ортиқ маблағ кичик рақам эмас. Бу маблағлар эвазига айниқса Чилонзор, Юнусобод ва Олмазор туманларидаги сув тўпланадиган «критик нуқталар» босқичма-босқич бартараф этилиши керак эди. Бироқ кечаги ҳолат шуни кўрсатдики, тизимли муаммо ҳали тўлиқ ҳал этилмаган ва ажратилган сармоялар кутилган самарани бермаяпти.

Тарих яна такрорланди

«Чорсу» метро бекатига кириш қисмини сув босиши бу янгилик эмас. Шаҳарсозликдаги муаммолар анча эски ва сурункали эканини тарихий хронология ҳам тасдиқлайди.

Иқлимшунос Эркин Абдулахадов ўз «Telegram» каналида эълон қилган постида қайд этишича, бундан роппа-роса 37 йил аввал, 1989-йилда ҳам Юнусобод кўчаларида худди шундай манзара кузатилган. Орадан йиллар ўтиб, 2014-йилнинг май ойида яна ўша муаммо айнан Чорсу ҳудудида такрорланган. Ўшанда «Тошкент-Обсерватория» станциясида қисқа вақт ичида 29 мм ёғин қайд этилган бўлса, кечаги кўрсаткичлар бундан анча паст бўлишига қарамай (айрим ҳудудларда 1.5 соатда 4.6 мм), натижа ўша-ўша қолди.

11

Тошкентнинг кузатувлар тарихида сутка давомида энг кўп ёғин узоқ ўтмишга бориб тақалади. 1895-йил 28-май пойтахтда бир суткада 50 мм ёмғир ёққан. 1969-йилда ҳам 1 суткада 49 мм ёғин қайд этилган.

2023-йил апрел ойидаги кучли ёғингарчилик ҳам метро бекатларини сув босиши билан якунланган эди. Мана, 2026-йил май ойи келди ва биз яна ўша нуқтада, худди ўша муаммо билан юзма-юз турибмиз. Тошкентнинг сўнгги 170 йиллик тарихида суткалик рекорд 50 мм эканини ҳисобга олсак, шаҳар бу каби ҳолатларга аллақачон тайёр бўлиши керак эди.

Вазият юзасидан расмийлар икки хил муносабат билдирди. Масалан, Тошкент метрополитени маъмурияти ҳолат юзасидан шундай изоҳ берди:

«Метрополитен иншоотлари белгиланган тартибда доимий техник назоратдан ўтказиб борилади ҳамда фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан тегишли мутасадди ташкилотлар ва шаҳар ҳокимлигига илгари ҳам бир неча бор расмий мурожаатлар киритилган».

Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра эса, сувнинг катта қисми ирригация-дренаж тизими орқали табиий равишда чиқиб кетган. Шу билан бирга, сув тўпланишини бартараф этиш учун барча чоралар кўрилган. Аммо бу «табиий жараён» содир бўлгунга қадар Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси маркази биносига ҳам сув кириб боргани, кўплаб тадбиркорларнинг дўконлари ва биноларига зарар етганини ҳисобга олиш керак.

«Чорсу» метро бекатини сув босгани акс этган кадрлар аллақачон барча тармоқларда тарқалиб бўлди. Бу энди фақат ички инфратузилма муаммоси эмас, балки пойтахтнинг инвестицион ва туристик имижи масаласига ҳам айланди.

Шаҳарнинг дренаж тизими бугунги урбанизация шиддатига мос равишда тубдан ислоҳ қилинмас экан, биз ҳали кўп марта «сув остидаги Тошкент» ҳақида гаплашамиз. VAQT.UZ мавзу юзасидан суҳбатлашган шаҳаршунослик бўйича эксперт Искандар Солиевга кўра, талофатлар билан курашгандан кўра, уларнинг олдини олиш иқтисодий жиҳатдан ҳам, хавфсизлик жиҳатдан ҳам анча арзонга тушишини англашимиз керак.

Мавзу юзасидан батафсил репортажни VAQT.UZнинг «YouTube» каналида томоша қилишингиз мумкин.

Теглар

Мавзуга оид