Бекор қилинмайдиган электрон рецептлар, «Реал Санжик» учун сўралган 5 йил қамоқ ва аҳолининг умумий даромадлари — 1 май дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Прокурор «Реал Санжик»га 5 йил қамоқ жазоси беришни сўради
Мирзо Улуғбек туман судида блогер Санжар Каримов иши бўйича суд тергови якунланди ва прокурор унга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни сўради. Давлат айбловчиси жазони умумий тартибли колонияда ўташни ҳам таклиф қилди. Каримов Жиноят кодексининг бир нечта моддалари, жумладан фирибгарлик ва гиёҳванд моддалар билан боғлиқ айбловлар бўйича судланмоқда. Иш доирасида у жабрланувчига уйни қайтаргани ҳам инобатга олиниши мумкинлиги айтилди. Суд жараёнида тинтув қонунийлиги ва уй билан боғлиқ можаро ҳам муҳокама қилинди. Кейинги қарор суд томонидан эълон қилиниши кутилмоқда.
«Электрон рецепт» тизими бекор қилинмайди — ССВ
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги «электрон рецепт» тизими бекор қилиниши ҳақидаги хабарлар нотўғри талқин эканини билдирди. Қайд этилишича, муҳокама қилинаётган янги ҳужжат тизимни тугатиш эмас, балки уни жорий этиш бўйича эски тартибни янгилашга қаратилган.
Янги тартибга кўра, Тошкент шаҳри ва тажриба ўтказилаётган ҳудудларда барча рецепт талаб қилинадиган дори воситалари электрон шаклга ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу орқали дори айланмаси устидан назоратни кучайтириш ва шаффофликни ошириш мақсад қилинган.
Вазирликка кўра, ижтимоий тармоқлардаги маълумотлар ҳужжат мазмуни нотўғри тушунилгани натижасида тарқалган. «Электрон рецепт» тизими босқичма-босқич кенгайтирилиб, 2026 йил охиригача барча ҳудудларда жорий этилиши кўзда тутилган.
Аҳолидан 73,9 млрд сўмлик «яшил» энергия сотиб олинди
2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда 45,2 минг нафар фуқаро қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясини давлат тармоқларига узатиб, жами 73,9 млрд сўм субсидия олди. Бу жараён «Қуёшли хонадон» дастури доирасида амалга оширилиб, ҳар бир kW/h учун 1000 сўмдан тўлов қилинмоқда.
Ҳудудлар кесимида энг катта тўлов Бухоро вилоятига (16,5 млрд сўм) тўғри келди, кейинги ўринларда Хоразм (13,3 млрд) ва Қашқадарё (9,1 млрд) қайд этилди. Субсидиялар фуқароларга Soliq иловаси орқали рақамли тарзда ўтказилмоқда.
Сўнгги йилларда дастур тез ўсиб бормоқда: 2024 йилда 12 млрд сўм, 2025 йилда эса 209 млрд сўм субсидия ажратилган. Шу билан бирга, йирик қуёш ва шамол электр станциялари ишлаб чиқариши ҳам ошиб, 2026 йил I чоракда 2,36 млрд kW/h энергия ишлаб чиқарилди.
Наманганда Тошкентдагидан 4 баробар кам: Ўзбекистонда аҳолининг умумий даромадлари 263 трлн сўмдан ошди
2026 йилнинг I чорагида Ўзбекистонда аҳолининг умумий даромадлари 263,2 трлн сўмга етди, реал ўсиш 7,8 фоизни ташкил қилди. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, жон бошига даромад ўртача 6,9 млн сўмга тенг бўлиб, номинал ўсиш 13,5 фоиз, реал ўсиш эса 5,8 фоизни ташкил этган.
Ҳудудлар кесимида кескин тафовут сақланмоқда: Тошкент шаҳрида жон бошига даромад қарийб 19,1 млн сўмга етган бўлса, Наманган вилоятида бу кўрсаткич 4,6 млн сўм атрофида. Шунингдек, Сурхондарё ва Қашқадарёда ҳам паст даражалар қайд этилган, Навоий ва Бухоро каби ҳудудлар эса ўртачадан юқори натижа кўрсатган.
Даромадлар таркибида асосий улуш меҳнат фаолияти ҳиссасига тўғри келмоқда, айрим ҳудудларда бу 75 фоиздан ошади. Шу билан бирга, кичик тадбиркорлик (54,5 фоиз) ва трансфертлар (27,5 фоиз) ҳам аҳоли даромадларини шакллантиришда муҳим манба бўлиб қолмоқда.
Апрел ойида эскроу орқали нечта битим имзолангани маълум қилинди
2026 йил апрель ойида Ўзбекистонда эскроу ҳисобварақлари орқали жами 33 273 та битим расмийлаштирилган ёки жараёнда бўлган. Бунинг 19 660 таси автотранспорт воситалари, 13 613 таси эса кўчмас мулк олди-сотдисига тўғри келган.
Ҳудудлар кесимида энг юқори фаоллик Тошкент шаҳрида (9 505 та битим) қайд этилди. Шунингдек, Фарғона (3 197 та) ва Самарқанд (2 912 та) вилоятлари ҳам етакчилар қаторида бўлган, бошқа ҳудудларда ҳам барқарор ўсиш кузатилган.
Эскроу тизими битимларда хавфсизлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, 1 апрелдан хизмат ҳақлари чекланган бўлиб, кўчмас мулк битимлари учун 206 минг сўмгача, автотранспорт учун эса 103 минг сўмгача белгиланган.





