Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги ОТБ йиғинида иштирок этади

Bugun 20:502 daqiqa

Ўзбекистон иккинчи бор Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгаши йиллик йиғилишига мезбонлик қилади. 3–4 май кунлари Самарқандда ўтадиган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этади.

Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги ОТБ йиғинида иштирок этади © Foto: president.uz

Шавкат Мирзиёев 3–4 май кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 59 йиллик йиғилиши тадбирларида иштирок этади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.

Давлат раҳбари тадбирнинг очилиш маросимида нутқ сўзлаши режалаштирилган. Шунингдек, форум доирасида у қатор хорижий делегациялар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказади.

Йиғилишнинг бош мавзуси “Тараққиёт чорраҳалари: минтақанинг ўзаро боғлиқ келажагини илгари суриш” деб белгиланган. Мазкур анжуман глобал ва минтақавий иқтисодиёт ривожига доир устувор йўналишларни муҳокама қилиш учун муҳим халқаро платформа вазифасини бажаради.

Форум кун тартибидан “яшил” трансформация, энергетик ўтиш, рақамлаштириш, инвестицияларни жалб қилиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда саноатда етказиб бериш занжирларининг барқарорлиги каби долзарб масалалар ўрин олган.

Саммит доирасида ушбу соҳалар бўйича минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш, иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва замонавий ривожланиш механизмларини шакллантиришга қаратилган муҳокамалар ўтказилиши кутилмоқда.

Беш кунлик тадбирда 100 дан ортиқ мамлакат делегациялари иштирок этади. Унда Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки каби халқаро молия институтлари раҳбарлари, шунингдек, ҳукумат вакиллари, етакчи компаниялар ва экспертлар қатнашади. Жами 4 мингдан ортиқ делегат келиши кутилмоқда.

Ўзбекистон 1995 йилдан буён Осиё тараққиёт банки аъзоси ҳисобланади. Ҳозирги кунда икки томон ўртасидаги лойиҳалар портфели қарийб 16 миллиард долларга тенг. Самарқанддаги йиғилиш Ўзбекистон мезбонлигида ўтаётган ушбу банкнинг иккинчи йирик анжумани бўлади.

Teglar