ОТБ Марказий Осиёда чегара пунктлари учун 1 млн доллар ажратди

Bugun 15:402 daqiqa

Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури доирасидаги ташаббус логистикадаги кечикишлар ва харажатларни камайтиришга қаратилган.

ОТБ Марказий Осиёда чегара пунктлари учун 1 млн доллар ажратди © vaqt.uz

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) «Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик» дастури доирасида янги авлод чегара ўтиш пунктларини ривожлантириш лойиҳаси учун умумий қиймати 1 млн долларлик техник ёрдамни тасдиқлади.

Лойиҳада қуйидаги давлатлар иштирок этмоқда: Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Покистон, Хитой, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон. Молиялаштириш ОТБнинг махсус техник ёрдам жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.

Техник ёрдамнинг асосий мақсади – ОТБ ва унинг аъзо ривожланаётган давлатларига, айниқса Марказий Осиё мамлакатларига, чегара ўтиш пунктларини замонавийлаштиришда ёрдам беришдир. Бу жараёнда инновацион ва экологик барқарор ечимлардан фойдаланиш кўзда тутилган.

Шунингдек, «Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик» дастури транспорт йўлаклари бўйлаб кичик, алоҳида лойиҳаларни молиялаштиришга қаратилган BUILD механизми асосида чегара инфратузилмаси лойиҳаларини тайёрлаш учун платформа сифатида хизмат қилади.

Ёрдам нималарни ўз ичига олади?

Ушбу техник ёрдам доирасида қуйидагилар назарда тутилган: лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш, BUILD механизми асосида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича янги методология ишлаб чиқиш, шунингдек, иштирокчи давлатлар мутахассисларини чегара ўтиш пунктларини бошқариш ва эксплуатация қилиш бўйича ўқитиш.

Осиё тараққиёт банки 2010-йилдан бери ҳар йили «Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик» дастури транспорт йўлаклари бўйлаб автомобил ва темирйўл орқали юк ташишдаги вақт ва харажатларни мониторинг қилиб келмоқда. Ушбу кузатувлар шуни кўрсатадики, чегара ўтиш пунктлари ҳанузгача трансчегаравий савдо ва логистикадаги асосий «тор жойлар» бўлиб қолмоқда.

Минтақада транспорт тармоғи самарадорлигини пасайтирувчи ва савдо харажатларини оширувчи асосий омиллар қуйидагилардан иборат:

— миллий транспорт идоралари ва чегара бошқармалари ўртасида (ҳам давлат ичида, ҳам қўшни мамлакатлар билан) институционал мувофиқлашувнинг етарли эмаслиги;

— инфратузилма ва ускуналарнинг эскиргани;

— чегара ўтиш пунктларининг мунтазам ёки вақтинча ёпилиши;

— божхона, миграция, санитар ва фитосанитар назорат, шунингдек хавфсизлик текширувларида самарасиз ва бир-бирини такрорловчи жараёнлар;

— қўшимча молиялаштиришни жалб этиш учун хусусий инвестициялар етишмаслиги.

Teglar

Mavzuga oid