Аҳолидан 73,9 млрд сўмлик «яшил» энергия сотиб олинди
2026 йилнинг биринчи чорагида аҳолига «яшил» энергия учун давлат томонидан 73,9 млрд сўмдан ортиқ маблағ тўлаб берилди.
© BMT taraqqiyot dasturiЖорий йилнинг дастлабки уч ойида 45,2 минг нафар фуқаро ўз хонадонларига ўрнатилган қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясини давлат тармоқларига узатган. Шу асосда уларга давлат бюджети ҳисобидан жами 73 млрд 982 млн сўм миқдорида субсидия ажратилган.
Энг кўп тўлов қилинган ҳудуд
Ҳудудлар кесимида қаралганда, энг катта тўловлар Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келиб, у ерда аҳолига 16,5 млрд сўм субсидия берилган. Кейинги ўринларда Хоразм вилояти (13,3 млрд сўм) ва Қашқадарё вилояти (9,1 млрд сўм) қайд этилган. Бу ҳудудларда қуёш энергетикасидан фойдаланиш даражаси юқори экани кузатилмоқда.
Субсидия ажратиш
Субсидия маблағларини олиш жараёни ҳам рақамлаштирилган. Фуқаролар ушбу тўловларни «Soliq» мобил иловаси орқали, хусусан «Кешбек ва имтиёзлар» бўлимидаги «Қуёшли хонадон» хизмати орқали банк картасига ўтказиб олиши мумкин.

Manba: Soliq qo'mitasi
Маълумот учун, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб «Қуёшли хонадон» дастури жорий этилган бўлиб, унга кўра фуқаролар томонидан ишлаб чиқарилиб, ягона электр тармоғига узатилган ҳар бир kW/h электр энергияси учун 1000 сўмдан субсидия тўланади. Бу механизм орқали аҳоли ортиқча электр энергиясини давлатга сотиш имконига эга бўлган.
Сўнгги йилларда ушбу дастур доирасида тўловлар ҳажми кескин ошган. Хусусан, 2024 йилда фуқароларга 12 млрд сўмдан ортиқ, 2025 йилда эса 209 млрд сўмдан зиёд субсидия ажратилган.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил январ–март ойларида Ўзбекистонда йирик қувватли қуёш ва шамол электр станциялари томонидан жами 2 млрд 368,2 млн kW/h электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 678,1 млн kW/h га кўп бўлиб, 40 фоизлик ўсишни англатади.





