Ўзбекистонликлар майда пулдан кўра кўпроқ йирик банкнотлардан фойдаланмоқда

2026 йилнинг дастлабки уч ойида мамлакатда нақд пул муомаласида пасайиш тенденцияси кузатилди. Хусусан, муомалага чиқарилган нақд пуллар ҳажми 2,6 трлн сўмга камайган.

Ўзбекистонликлар майда пулдан кўра кўпроқ йирик банкнотлардан фойдаланмоқда © stock

2026 йил 1 апрел ҳолатида Ўзбекистонда умумий пул массаси 391 трл сўмга етди. Ўтган йилларга назар соладиган бўлсак, мамлакатда умумий пул массаси ўсишда давом этмоқда. Хусусан, бу кўрсаткич 2024 йилда 213 трлн сўм, 2025 йилда 282 трлн сўм бўлган. Бу ҳақда Марказий банк эълон қилган Нақд пул муомаласи бўйича шарҳда кўрсатиб ўтилган.

Маълумотларга кўра, нақд пуллар миқдори ҳам ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 43 трлн сўмдан 66 трлн сўмгача ошган.

Бироқ ушбу ўсиш фонида нақд пулларнинг умумий пул массасидаги улуши изчил камаймоқда. Масалан, 2024 йилда 20,1 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилда 18,6 фоизга, 2026 йилда эса 16,9 фоизга тушган.

Шунингдек, 2026 йилнинг 3 ойида муомалага чиқарилган нақд пуллар ҳажми 2,6 трлн сўмга камайган.

Бу одамлар пулни карта орқали тўғридан-тўғри ишлатишни кўпроқ афзал кўраётганлигини англатади, яъни нақд пулга эҳтиёж нисбатан камайиб бормоқда.

1

Нақд пуллар сони ҳам қисқарди

2026 йилнинг биринчи чорагида муомаладан нақд пулларнинг қайтиши натижасида банкнотлар умумий сони 262 млн донага камайиб, 2 млрд 184 млн донани ташкил қилди. 2025 йил якунларига кўра, банкнотлар 2,45 млрд донани ташкил этганди.

Шу билан бирга, муомаладаги пуллар таркибида йирик номиналлар улуши ортиб бормоқда. Хусусан, 200 000 сўмлик банкнотлар улуши 28,5 фоиздан 30,6 фоизгача ошган. 50 000 ва 100 000 сўмлик банкнотлар улушида эса сезиларли ўзгариш кузатилмаган.

2

Маълумот учун, нақд пулларнинг банклараро ҳаракати «Нақд пулларнинг электрон майдони» платформаси орқали амалга оширилмоқда.

Ҳозирда мазкур тизимнинг фойдаланувчилари 1009 тани ташкил этиб, бир ойда ўртача 14 трлн сўмлик амалиётлар бажарилмоқда.

3

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбекистонликлар карталардаги пулни камроқ нақд қилаётганлиги ҳақида маълумот берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбекистонликлар майда пулдан кўра кўпроқ йирик банкнотлардан фойдаланмоқда | Vaqt.uz