2030-йилгача иқтисодиёт ҳажмини 240 млрд доллардан ошириш ниятидамиз – Шавкат Мирзиёев
Президент бунинг натижасида даромади ўртачадан юқори давлатлар қаторига киришни ҳамда камбағалликка тўлиқ барҳам беришни мақсад қилганини айтди.
© Prezident matbuot xizmatiЎзбекистон иқтисодиёти глобал беқарорлик шароитга қарамасдан 2026-йилнинг биринчи чорак якуни бўйича 8,7 фоизли ўсишга эришди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев бугун, 4-май куни Самарқанд шаҳрида ўтаётган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилари кенгашининг 59-йиллик йиғилишида сўз очди.
«Энг муҳими, ислоҳотларимизда ҳар бир оила, ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаётини яхшилашга асосий эътиборни қаратдик. Биз ўтган даврда 8,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли даромадини ошириб, камбағаллик даражасини қарийб 35 фоиздан бугунги кунда 5,8 фоизга туширишга эришдик», – деди президент.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон охирги ўн йилда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда энг катта ижобий ўзгариш қилган бешта давлатдан бири бўлганини ҳам қайд этди.
«Биз 2030-йилга қадар Ўзбекистонда барча соҳаларни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш орқали иқтисодиёт ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш ниятидамиз.
Натижада даромади ўртачадан юқори давлатлар қаторига киришни ҳамда камбағалликка тўлиқ барҳам беришни мақсад қилганмиз», – деди Мирзиёев.
У яқин кунларда 13 та стратегик йирик корхона активларини ўз ичига олган «Миллий инвестиция жамғармаси»нинг 30 фоиз улуши халқаро фонд бозорига чиқарилишини ҳам эслатиб, бундай муҳим қадам Ўзбекистон ҳамкорларининг мамлакат инвестиция муҳитига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.
147 миллиард долларга етган иқтисодиёт
Президент бугунги кунда мамлакат иқтисодиёти мутлақо янги ривожланиш даврини бошдан кечираётганини таъкидлади.
«Биз 2016-йилдан буён иқтисодиётни эркинлаштириш, инвесторлар учун жозибадор муҳит яратиш, глобал қўшилган қиймат занжирида фаол қатнашиш, ҳудудларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини тубдан янгилаш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш бўйича катта ислоҳотларни олиб боряпмиз.
Тарихан қисқа вақт ичида меҳнаткаш ва бунёдкор халқимиз билан мураккаб тараққиёт йўлини босиб ўтдик», – деди давлат раҳбари.
Билдирилишича, сўнгги йилларда иқтисодиётимизга 150 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилиб, минглаб замонавий корхоналар ишга туширилган. Биргина энергетика соҳасида 35 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари ҳисобига электр ишлаб чиқаришни 1,5 баробар ошириб, 87 миллиард киловатт-соатга етказилган. Бу даврда товар ва хизматлар экспорти 3 карра ўсган, иқтисодиёт ҳажми эса 50 миллиарддан 147 миллиард долларга етган.
«Бундай ижобий натижалар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда. 2020-йилдан буён Ўзбекистон суверен кредит рейтингларида ўз ўрнини барқарор ошириб бормоқда.
Иқтисодий эркинлик индексида жорий йил юртимиз 14 поғона юқорилаб, илк бор “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан жой олди”» – деди президенти.
ОТБ билан ҳамкорлик
Президент Мирзиёев Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан ислоҳотларда Осиё тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия ташкилотларининг ўрнини алоҳида эътироф этди. Ишончли стратегик шерикка айланган банк билан ҳозирги кунга қадар қарийб 16 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Айниқса, Осиё тараққиёт банки мамлакатдаги қайта тикланувчи энергетика, қишлоқларда уй-жой қурилиши ва Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорлик йўналишларида илк кунлардан елкадош бўлган.
Давлат раҳбари фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистонни доимо қўллаб-қувватлаб келаётгани учун Осиё тараққиёт банки президенти Масато Канда ҳамда банк Бошқарувчиларига самимий миннатдорлик билдирди.
Шу билан бирга, яқин ҳамкорлик учун Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Ислом тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялари банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда бошқа халқаро молия институтлари раҳбариятига, шунингдек, барча хорижий шерикларга алоҳида ташаккур изҳор этилди.
Куни кеча ОТБ билан 12 миллиард долларлик янги ҳамкорлик дастури имзоланди.
«Барқарор тараққиётни таъминлаш учун Банк билан ҳамкорликда янги механизм ва таъсирчан ёндашувларни жорий этишни даврнинг ўзи биздан тақозо этмоқда», – деди президент.





