Тадбиркорлар учун ягона кредит платформаси ишга туширилади
Кредит олиш жараёнини соддалаштириш ва молиявий хизматлардан фойдаланишни тезлаштиришга қаратилган платформа орқали тадбиркорлар бир марта ариза юборади ва бир вақтнинг ўзида бир нечта банкларнинг тижорат таклифларини қабул қила олади.
© prezident.uzЎзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш ҳамда молиявий хизматлар оммабоплигини оширишга оид таклифлар тақдимоти билан танишди. Тақдимотда тадбиркорлар учун ягона рақамли молиявий платформани ишга тушириш ташаббуси илгари сурилди.
Тадбиркорликка ажратилган кредитлар
Маълум қилинишича, бугунги кунда кичик ва ўрта бизнесга ажратилган кредитлар портфели 218 триллион сўмга етган бўлиб, бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 12 фоизини ташкил этади. Бироқ, айрим жараёнларда ҳали ҳам вақт ва бюрократик тўсиқлар сақланиб қолмоқда. Хусусан, таъминловсиз онлайн микрокредит олиш ўртача етти кунгача вақт олаётгани қайд этилди.
Платформа қулайликлари
Таклиф қилинаётган платформа орқали тадбиркорлар бир марта ариза юборади ва бир вақтнинг ўзида бир нечта банкларнинг тижорат таклифларини қабул қила олади. Кейин улар фоиз ставкалари ва шартларни таққослаб, ўзлари учун энг мақбул вариантни танлаш имкониятига эга бўлади.
Янги тизим «Электрон ҳукумат» платформасидаги маълумотлар базалари билан интеграция қилинади. Бу тадбиркорларга қўшимча ҳужжатлар йиғиш эҳтиёжини камайтириб, маълумотларни автоматик тарзда банкларга узатиш имконини беради. Шу орқали инсон омили ва ортиқча бюрократия қисқартирилиши кутилмоқда.
Янги баҳолаш тизими
2026 йил 1 декабрдан платформа доирасида сунъий интеллект асосида ишловчи муқобил скоринг тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Янги механизм анъанавий кредит тарихидан ташқари бизнес фаоллиги, коммунал тўловлар, молиявий айланмалар ва солиқ маълумотларини ҳам таҳлил қилади.
Бу эса кредит тарихи шаклланмаган тадбиркорларга ҳам молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириши мумкин. Шунингдек, тижорат банклари учун «AI маслаҳатчиси» дастурини ишга тушириш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.
Қўшимча имтиёзлар
Тақдимотда ижобий кредит тарихига эга тадбиркорлар учун гаровсиз микрокредит лимитини 100 миллион сўмдан 200 миллион сўмгача ошириш таклиф қилинди. Шу билан бирга, кредит ёки лизинг суммасидан қатъи назар, унинг 5 миллиард сўмгача бўлган қисми учун фоиз харажатларини компенсация қилиш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, ҳар йили юқори натижа кўрсатган 100 та тадбиркорлик субъектига рақамлаштириш, халқаро стандартлар ва «яшил» технологияларни жорий этиш харажатлари учун 300 миллион сўмгача грант ажратиш таклифи билдирилди. Президент мазкур таклифларни маъқуллаб, платформа хавфсизлиги ва молиявий хизматлар қамровини кенгайтириш бўйича топшириқлар берди.





