Logo

Тадбиркорликда янги давр бошланди

Бугун 20:354 дақиқа

Бизнес вакилларини катта ўзгаришлар кутмоқда. Энди ноўрин текшириш ва маъмурий босимлар тўхтатилади. Жарималар ҳам 2 бараваргача қисқартирилди. Бизнесга сунъий интеллект кириб келади.

«Тадбиркорга шунчаки кредит бериш эмас, уни катта бизнесга айлангунича елкадош бўладиган тизим яратамиз». Бу гапни президент айтди. Хоразмга бориб тадбиркорлар билан учрашган давлат раҳбари яна нималар деди? Энди бу соҳада қандай ўзгаришлар бўлади?
 
Президент Шавкат Мирзиёев 18-август куни Хоразмда тадбиркорлар билан навбатдаги очиқ мулоқотни ўтказди. Унда 500 га яқин соҳа вакили бевосита, ҳудудлардан эса яна 25 мингдан зиёд бизнес вакиллари онлайн қатнашди. Бу учрашувдан мақсад — давлат ва бизнес ўртасидаги муносабатни «назорат қилувчи»дан «қўллаб-қувватловчи ва ҳамкор» моделига ўтказиш бўлди. Мулоқот давомида ушбу ғояни амалга оширишга қаратилган йўналишлар бўйича муҳим қарорлар эълон қилинди.
 
Ўзбекистон раҳбари мамлакатнинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлашга фаол ҳисса қўшаётган 1 миллион 200 минглик бизнес ҳамжамиятини тадбиркорлар куни билан табриклади. Беш йил олдин тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказиш анъанаси бошланганидан буён бизнесга тўсиқ бўлган минглаб масалаларга ечим берилгани, бу борада 84 та қонун, 861 та фармон ва қарор қабул қилингани урғуланди.
 

«Нима учун? Тадбиркорларимизга шароит яратиб, янги иш ўринларини кўпайтириш, одамларимизни узоққа бормасдан, маҳалласининг ўзида даромадли қилиш учун!» — деди президент.

 
Маъмурий босим ва текширувлар чеклов
 
Илгари барча турдаги тадбиркорлар ва кичик бизнес субектларининг эшиги турли давлат органлари томонидан қоқилар ва мунтазам равишда текширувлардан ўтказилар эди. Энди бундай бўмайди. Сабаби Ўзбекистонда кичик бизнесда инсон соғлиги ва бошқа тадбиркорлар манфаатига зарар етказиш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай текшириш учун уч йил муддатга мораторий эълон қилинади.
 
Ўзбекистон президенти сўнгги уч йилда солиқ юки 13,4 фоиздан 12 фоизга, ўн йилда яширин иқтисодиёт улуши 50 фоиздан 26 фоизга тушганини айтди.

«Иқтисодиётни «соя»дан чиқариш текшириш билан эмас, тадбиркорга йўл кўрсатиб, тўғри ишлашга ўргатиш орқали бўлиши керак», — деди Мирзиёев.

Кредит олишда енгилликлар
 
Энди банклар тадбиркор ортидан чопади, давлат эса тадбиркорга биринчи қадамдан то катта бизнесга айлангунча елкадош бўлади.
 
Мирзиёевнинг айтишича, банклар кредит портфелида кичик бизнес улуши 45 фоиздан 63 фоизга ошган, биринчи ярим йилликнинг ўзида соҳага 76,5 триллион сўм ресурс ажратилган. Яқинда ишга туширилган «Кредит хизматлари ягона рақамли портали» орқали эса тадбиркор битта ариза беради ва банклар мижоз учун рақобат қилади, натижада янги фаолият бошлаётганлар 5 миллиард сўмгача кредитни онлайн расмийлаштириши мумкин бўлади.

Учрашувда бизнеснинг ҳар бир босқичига мос яхлит экотизим яратилиши айтилди. Хусусан, янги фаолият бошлаётганлар учун «Бизнес старт», ишлаб чиқаришни йўлга қўйганларга «Бизнес лифт» ҳамда янги ўсиш босқичига ўтаётганлар учун «Бизнес юксалиш» дастурлари жорий этилади. «Бизнес старт» доирасида тадбиркорлар сунъий интеллект ёрдамида лойиҳа, кредит ҳужжатлари ва ҳисобот юритишни ўрганади, бунинг учун 100 миллиард сўм ажратилиб, тайёр бизнес-режа ва 200 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади.
 

«Тадбиркорга кредит бериш эмас, уни биринчи қадамидан катта бизнесга айлангунича бошидан охиригача қўллаб-қувватлайдиган комплекс тизим яратамиз», — деди давлат раҳбари.

 
Бизнесга сунъий интеллект кириб келади
 
Энди давлат тадбиркорларга технология ва СИ тизимларини жорий этишда бевосита ҳомий ҳамда ҳамкор бўлади. Хўш, бизнесга рақамли технологиялар қандай кириб келади ва бунинг учун харажатнинг неча фоизи бюджетдан қопланади?
 
Давлат раҳбари «сунъий интеллект — бошқарув самарадорлиги — янги инвестициялар» экотизимини яратиш вазифасини белгилади.
 

«Бугун қайси тадбиркор қўшилган қийматни кўпайтирса, сунъий интеллект ёрдамида унумдорликни оширса, таннарх бўйича изланса, эртанги бозор уники», — деди президент.

 
Йиғилишда айтилишича, замонавий бошқарув ва сунъий интеллектни жорий этган тадбиркорларда талаб 54 фоизга, даромад 40 фоизга ошиб, таннарх 25 фоизга камайган. Бу жараённи қўллаш учун рақамли ҳукумат марказида биринчи суперкомпютер кластери ишга туширилди ва келаси йили унинг қуввати 3 бараварга оширилади.
 
«10 минг корхона учун — сунъий интеллект ҳамкор» дастури доирасида корхоналарга СИ жорий этиш харажатининг 50 фоизи, шунингдек, илмий-тадқиқот харажатлари буджетдан қопланади. Янги моделларни яратишда эса суперкомпютердан бепул фойдаланиш имкони берилади.
 
Гаров муаммосига нуқта қўйилди
 

Бизнес бошламоқчисиз-у, лекин гаровга қўйишга мулкингиз йўқми? Ёки банкма-банк юриб чарчадингизми? Президент тадбиркорлар билан учрашувда айнан шу муаммога ҳам нуқта қўядиган ва бизнесни нолдан кўтарадиган мутлақо янги тизимни эълон қилди.
 
10 миллиард сўмгача кредитда гаровнинг 30 фоизини давлат, 30 фоизини Бизнесни кафолатлаш компанияси, 15 фоизини банклар ўз зиммасига олади.  Тадбиркорнинг ўзига 25 фоиз гаров топиш кифоя қилади.

Давлат активларини сотиб олишда аванс 30 фоиздан 15 фоизга туширилади, 6 ойда тўлиқ тўлаганларга 25 фоиз чегирма берилади. Ярмини тўлаганлар қолганини 7 йилда фоизсиз бўлиб тўлаши мумкин. 3 ойда сотилмаган мулк нархи 10 фоизгача арзонлаштирилади, ауцион муддати 2 баравар қисқаради.
 
Шунингдек, тадбиркорлар учун барча турдаги молиявий жарималар миқдори ўртача 2 баробарга камайтирилиши, АСКУЕ ва АСКУГ тизимларига уланган ҳамда тўлов интизомини бузмаган корхоналар электр энергияси ва газ учун олдиндан тўловни 15 фоизга тушириши маълум қилинди. Бундан ташқари, Хоразмда умумий қиймати 176 миллион долларлик 12 та лойиҳа ишга туширилиб, хорижий ҳамкорлар иштирокида 7,4 миллиард долларлик 15 та янги қувват қурилишига старт берилди.

Теглар

Нозима Қаршибоева

Нозима ҚаршибоеваМақолалар сони: 65

Барчаси

Мавзуга оид