Таксими ёки самолёт? Тошкентдан Хоразмгача энг мақбул транспорт қайси?

Бугун 16:579 дақиқа

Ўзбекистонда вилоятлараро саёҳат қилмоқчи, вилоятлардан пойтахт Тошкентга ва пойтахтдан вилоятларга бормоқчи бўлганлар бир хил саволга дуч келади: қайси транспортни танлаган маъқул? Арзон автобусми, тезроқ етказадиган таксими, билет топиш мушкул бўлган поездми ёки қиммат бўлса ҳам самолётми? VAQT.UZ машҳур қўшиқда масофаси 1100 километр экани айтилган Тошкентдан Хоразмгача бўлган йўл мисолида барча вариантларнинг нархи, йўл вақти, қулайлиги ва хавфсизлигини солиштирди.

Автобус

Энг ҳамёнбоп вариантдан бошлайдиган бўлсак, Тошкентдан Хоразмга автобусда бориш ҳозирча энг арзон йўллардан бири ҳисобланади. Икки ҳудуд орасидаги масофа узоқ бўлгани учун йўл ўртача 15–17 соат давом этади. Ҳозирда Тошкент автовокзалидан Хива йўналишига мунтазам автобус қатновлари йўлга қўйилган бўлиб, бир киши учун чипта нархи 240 минг сўмни ташкил қилади.

 Чипталарни нафақат автовокзал кассаларидан, балки онлайн сотиб олиш ҳам мумкин. Автобус талабалар ёки тез-тез қатнайдиганлар учун анча тежамкор вариант ҳисобланади. Қатнов олдидан йўловчиларга телефон орқали эслатма ҳам берилади ва автобуслар, одатда, белгиланган вақтда йўлга чиқади.

 Бироқ доимий қатновчиларнинг айтишича, қайтиш рейсларида айрим муаммолар ҳам учраб туради. Масалан, баъзи автобуслар ҳар доим ҳам тоза бўлавермайди. Узоқ йўлда энг кўп шикоят қилинадиган масалалардан бири эса телефон қувватлаш ускуналарининг ишламаслиги. 15 соатлик сафарда гаджет ўчиб қолиши йўловчи учун анча ноқулай вазият туғдириши мумкин.

 Шунингдек, айрим ҳолатларда автобуслар кечикиб ҳаракатланиши ҳам кузатилади. Бу эса Тошкентга етиб келиш вақтининг сурилишига сабаб бўлади. Шунга қарамай, нарх ва қулайлик нуқтайи назаридан автобус ҳали ҳам энг оммабоп вариантлардан бири бўлиб қолмоқда.

 Такси

 Тошкентдан Хоразмга боришнинг кейинги нисбатан тежамкор варианти –такси. Бу йўлда машина орқали сафар ўртача 11–12 соат давом этади. Яъни автобусга нисбатан манзилга бироз тезроқ етиб бориш мумкин.

 Таксининг асосий устун томони – эркинлик. Поезд ёки автобусдагидек вокзалга боғланиб қолмайсиз. Қулай вақтда йўлга чиқиш мумкин, айрим ҳолатларда ҳайдовчи йўловчини уйининг олдигача олиб бориши ҳам мумкин. Албатта, бу кўпроқ ҳайдовчи билан келишувга боғлиқ.

 Ҳозирда Тошкентдан Хоразмга такси нархи бир киши учун ўртача 350 минг сўм атрофида. Аммо байрам кунлари ёки талаб ошган пайтларда нархлар кескин ошиб, ҳатто 1 миллион сўмгача чиқиши ҳам мумкин.

 Бундан ташқари, 350 минг сўм фақат йўл ҳақи эканини ҳам унутмаслик керак. Узоқ сафар давомида камида бир марта овқатланишга тўғри келади. Бу эса қўшимча равишда камида 50 минг сўм атрофида харажат дегани. Натижада умумий сафар харажати 400 минг сўмдан ҳам ошиб кетиши мумкин.

 Йўловчиларнинг айтишича, таксида энг катта муаммо – хавфсизлик масаласи. Чунки узоқ йўлда барча масъулият битта ҳайдовчи зиммасида бўлади. Айниқса тунги сафарларда чарчоқ ёки уйқусизлик хавфни янада ошириши мумкин. Шу сабабли кўпчилик бу вариантни тез ва қулай деб ҳисобласа-да, хавфсизлик бўйича унинг поезд ёки самолёт билан тенглаша олмаслигини таъкидлайди.

 Поезд

 Агар омадингиз келиб билет топа олсангиз, Тошкентдан Хоразмга боришда поезд энг хавфсиз ва қулай вариантлардан бири ҳисобланади. Аммо бу ерда асосий муаммо чипта топиш. Айниқса ёзги таътил, қишки дам олиш мавсуми ёки байрам кунларида поездга билет олиш кўпчилик учун ҳақиқий муаммога айланади.

 Доимий қатновчиларнинг айтишича, агар сафардан камида икки-уч ҳафта олдин ҳаракат қилинмаса, кассада «билет қолмаган» деган жавобни эшитиш эҳтимоли жуда юқори. Шу сабабли кўпчилик поезд чиптасини олдиндан брон қилишга ҳаракат қилади.

 Ҳозирда Тошкентдан Хоразмга Урганч ёки Хива йўналишида қатнайдиган поездлар мавжуд. Нархлар вагон турига қараб фарқ қилади. Масалан, плацкарт чипталари 245 минг сўмдан бошланади. Бу энг арзон ва талаб юқори бўлган вариант ҳисобланади.

 Купе чипталари ўртача 348 минг сўм. Люкс вагонларда сафар қилишни истаганлар учун эса нарх 640 минг сўмгача етади.

 Йўл давомийлиги ўртача 13–15 соатни ташкил қилади. Масалан, кечқурун  поездга чиққан йўловчи эртаси куни тушга яқин Хоразмга етиб бориши мумкин.

 Чипталарни темирйўл кассаларидан ташқари, онлайн сотиб олиш имконияти ҳам бор.

 Агар тезроқ етиб боришни истасангиз, Тошкент  Хива йўналишида, халқ орасида аллақачон «бойлар поезди» сифатида қараш бошланган янги «Жалолиддин Мангуберди» юқори тезликдаги электропоезди ишга тушган. Бу поезд орқали Хоразмга атиги 7,5 соатда етиб бориш мумкин. Фақат нархини ҳамёнингиз кўтарса бас. Поезд эрталаб соат 07:00 да Тошкентдан йўлга чиқади ва кундузи 14:31 да Хивага етиб боради. Қатновлар ҳафтасига уч кун сешанба, пайшанба ва шанба кунлари амалга оширилади.

 Бироқ тезлик билан бирга нарх ҳам ошади. Бу поезд учун чипта нархи тахминан 780 минг сўмни ташкил қилади. Доимий йўловчиларнинг айтишича, тезюрар поезд учун билет топиш оддий поезддан ҳам қийинроқ. Айрим ҳолатларда чипта қидиришни бир ой олдин бошлашга тўғри келади.

2025-2026 йилларда Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 6,8 миллион сўмни ташкил этди. Бироқ бу кўрсаткич барча учун бир хил эмас, ҳудудлар кесимида, соҳалар бўйича ва ижтимоий қатламлар ўртасида жиддий фарқлар мавжуд.

Электропоезд чиптаси 780 минг сўм. Бу ўртача ойлик иш ҳақининг тахминан 11,5 фоизи демакдир. Агар йўловчи бориб-келиш чиптасини олса, ойлик даромадининг қарийб 23 фоизи фақат йўл харажатига сарфланади.

Бу номутаносиблик талабалар мисолида янада яққол намоён бўлади. Ҳозирда олий таълим муассасаларида талабаларнинг базавий ойлик стипендияси 569 минг сўмни ташкил этади. Яъни чипта нархи бир ойлик стипендиядан ҳам баланд. Соддароқ айтганда, талабага поездда бир томонга сафар қилиш учун бутун бир ой ўқиш учун оладиган маблағини сарфлашга тўғри келади, бориб-келиш эса стипендиядан анча ошиб кетади.

Агар оилавий сафарни олсак, масала янада оғирлашади. Икки нафар катта ва бир боладан иборат оила учун худди шу йўналишда «Жалолиддин Мангуберди» поездининг чипталари 1 миллион 825 минг сўмга етади. Бу кўплаб оилалар учун бир ойлик даромаднинг роппа-роса учдан бир қисмидан кўпроқ маблағни ташкил этади. Ва бу ҳали фақат бир томонга.

Шу нуқтаи назардан қаралганда, «Жалолиддин Мангуберди» каби янги тезюрар поездлар тобора оммавий транспорт воситасидан кўра, маълум қатлам учун мўлжалланган хизматга айланиб бораётгандек таассурот уйғотмоқда. Савол эса очиқ қолмоқда: агар поезд чиптаси ойлик даромаднинг сезиларли қисмини ташкил этса, у ҳали ҳам ижтимоий транспорт ҳисобланадими?

 Самолёт

Ниҳоят, энг «баланд» нуқтага етиб келдик. Агар сиз учун вақт пулдан қиммат бўлса, танловингиз аниқ. Тошкентдан Хоразмга Airbus А320 ҳаво кемасида умумий ҳисобда 1,5-2 соатда етиб борасиз. Аммо авиация соҳасидаги нархлар барқарор эмас, улар танланган тарифларга чиптани сотиб олаётган вақтингизга қараб ўзгаради. Масалан, бир ой олдин билет сотиб олсангиз, анча арзонроқ билетларни топишингиз мумкин, аммо белгиланган байрамлардаги дам олиш кунлари учун билетларни қанча олдин қидирсангиз ҳам нархларни анча қиммат бўлади. Негаки, байрам кунлари учун талаб кўп бўлади ва авиакомпаниялар ҳам табиийки талабга яраша таклифлар беради. 

Самолёт чипталари нархининг кескин ва тез ўзгаришига қуйидаги асосий омиллар таъсир қилади:
• Талаб ва таклиф: Авиакомпаниялар тизими самолётдаги бўш жойлар камайгани сари қолган чипталар нархини автоматик равишда ошириб боради. Айниқса, ёзги таътиллар ва байрам кунлари талаб кескин ортиши ҳисобига нархлар энг юқори нуқтага чиқади.
• Авиаёнилғи харажатлари: Авиакомпаниялар умумий харажатларининг қарийб 30-40 фоизини айнан авиаёнилғи ташкил этади. Ёнилғи баҳосининг ўзгариши тўғридан-тўғри чипта таннархида акс этади.
• Хорижий валюта ва лизинг: Замонавий самолётларнинг ижара тўловлари, техник хизмат кўрсатиш ва эҳтиёт қисмлар харажатлари хорижий валютада (доллар ёки еврода) амалга оширилади. Валюта курсининг тебраниши нархга таъсир қилмай қолмайди.
• Тарифлар ва аэропорт йиғимлари: Ҳар бир парвоз учун аэропорт хизматлари тўловлари тўланади. Шунингдек, чиптага багаж ва уни қайтариб топшириш каби имкониятлар қўшилган сари тарифлар қимматлашиб боради.
• Давлат субсидиялари: ҳукумат айрим ички рейслар учун авиакомпанияларга компенсация берса, билет арзонлашиши мумкин. Масалан, иқтисод-класс чипталари учун субсидиялар жорий қилинган.

Шу сабабли чиптани бир ой олдин ва бир кун олдин қидириш ўртасида бир неча баробар фарқ бўлиши мумкин.

 Агар сиз бир ой кейинги сана учун чипта буюртма қилсангиз, компанияларда минимум ва максимум қанча маблағ сарфлашингиз кераклигини кўриб чиқамиз:

• «Uzbekistan Airways»: Миллий авиакомпанияда энг арзон юкни ўз ичига олмаган «Эканом LITE» тарифи 760 минг сўмдан бошланади. Агар сизга 23 кг багаж ва чиптани қайтариш имконияти керак бўлса, «SMART» тарифи тахминан 830 минг сўмга айланади. Ушбу компаниядаги максимал қулайликка эга бўлган «Бизнес PRO» тарифи эса 1 миллион 780 минг сўмдан ортиқни ташкил этади.

• «Silk Avia»: Ушбу маҳаллий авиакомпанияда муддатидан анча олдин қидирилганда, энг арзон «Оддий» тарифини (5 кг қўл юки билан) тахминан 470 минг сўмга топиш мумкин. Агар парвоз яқин кунларга тўғри келса ёки жойлар камайса, худди шу рейсдаги 20 кг багажни ўз ичига олувчи «Омад» тарифи тахминан 1 миллион 60 минг сўмга, «Омад PLUS» тарифи эса тахминан 1 миллион 130 минг сўмгача кўтарилади. Йўл вақти  тўхташларсиз 1 соат-у 55 дақиқа.

• «Centrum Air»: Бу авиакомпанияда бир ой олдин қидирилганда, 8 кг қўл юкини ўз ичига олган энг минимал «Base» тарифи тахминан 670 минг сўмдан бошланади. Қўшимча қулайликларга эга бўлган «Comfort» тарифи эса 1 миллион сўмдан ошади. Йўл вақти  1 соат-у 40 дақиқа.

Демак, агар сиз сафарингизни камида бир ой олдин режалаштириб, чипта қидирсангиз, Тошкентдан Хоразмга учиш учун самолёт чипталарини минимал 470 минг сўмдан максимал 1 миллион 784 021 сўмгача бўлган нархларда топишингиз мумкин.

Бу рақамларни реал ҳаётимизга солиштирсак, энг арзон самолёт чиптаси (594 871 сўм) мамлакатдаги ўртача ойлик номинал иш ҳақининг 6 800 000 сўмнинг тахминан 8,7 фоизини ташкил қилади ва талабанинг бир ойлик базавий стипендиясига 569 000 сўм деярли тенг келади. Максимал бизнес тариф эса ўртача ойлик маошнинг чорак қисмидан кўпроғини  26,2 фоизини ташкил этади. Бундан ташқари, аэропорт шаҳардан четроқда жойлашгани сабабли, у ерга етиб олиш ва манзилга бориш учун қўшимча такси харажатлари ҳам қўшилишини унутмаслик лозим.

Шу нуқтаи назардан қаралганда, ички авиарейслар нархи оддий аҳоли ва айниқса талабалар учун умуман оптимал эмас, деган хулосага келиш мумкин. Тошкент-Урганч рейси чиптаси нархига яна озгина маблағ қўшилса, бемалол чет давлатга учиб кетиш имконияти пайдо бўлади.

Тошкентдан Хоразмгача Урганч ва Хива шаҳарларига олиб борадиган 1000 километрдан ортиқ масофадаги транспорт имкониятларини фақат бориш учун сарҳисоб қилсак, вазият қуйидагича:

Автобус: 240 000 сўм (Ўртача ойлик иш ҳақининг 3,5 фоизи);
• Оддий поезд (Плацкарт): 245 140 сўм (Ўртача ойлик иш ҳақининг 3,6 фоизи);
• Оддий поезд (Купе): 348 550 сўм (Ўртача ойлик иш ҳақининг 5,1 фоизи);
• Оддий поезд (Люкс): 640 390 сўм (Ўртача ойлик иш ҳақининг 9,4 фоизи);
• «Жалолиддин Мангуберди» электропоезди (Эконом): 780 000 сўм (Ўртача ойлик иш ҳақининг 11,5 фоизи);
• Такси: Одам бошига камида 350 000 – 400 000 сўм (йўлдаги овқатланиш билан бирга ойлик иш ҳақининг 5,1  фоизи);

• Самолёт: 470 минг сўмдан 1 миллион 780 минг сўмгача (Танланган авикомпания ва тарифга қараб ўртача ойлик иш ҳақининг 6,9 фоизидан 26 фоизигача).

 Статистик ва техник жиҳатдан, поезд энг хавфсиз транспорт воситаси ҳисобланади. Йўл давомийлиги электропоездда 7 ярим соат, оддий поездларда эса 13-15 соат. Чипталарни камида 2 ҳафта ёки 1 ой олдин сотиб олиш зарур.

Самолёт вақт жиҳатидан энг тезкор ва поезддан кейинги хавфсизлик даражаси юқори бўлган транспортдир. Учиш вақти 1,5-2 соат. Бироқ молиявий харажатлар жиҳатидан энг юқори ўринда туради.

Автобус ҳамёнбоп бўлса-да, йўл вақти энг узоқ 15-17 соат ва йўловчи учун жисмоний чарчоқ даражаси юқори бўлган воситадир. Хавфсизлик кўрсаткичи ўртача.

Такси вақт жиҳатидан автобусдан тезроқ 11-12 соат ва унчалик узоқ кутишни талаб қилмайди. Аммо инсон омили, йўл шароити ва ҳайдовчининг чарчоқ даражаси юқорилиги сабабли хавфсизлик рейтингида энг охирги ўринда туради. Нархлар барқарор эмас.

Теглар

Мавзуга оид