Ташқи ишлар вазирига янги ўринбосар тайинланди
Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби ўринбосари Мирвоҳид Азимов ТИВ раҳбарига ўринбосар бўлди.

Мирвоҳид Мирилясович Азимов Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақдаги тегишли қарор Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2026 йил 26 май куни имзоланди ва шу куни янги ўринбосар Ташқи ишлар вазирлиги Ҳайъат йиғилишида жамоага таништирилди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Мирвоҳид Азимов мазкур лавозимга тайинлангунга қадар, 2020 йил кузидан буён Туркий давлатлар ташкилоти бош котибининг ўринбосари сифатида фаолият юритиб келаётган эди.
Янги вазир ўринбосарининг таржимаи ҳоли
46 ёшли Мирвоҳид Азимов Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Халқаро ҳуқуқ мутахассислиги бўйича бакалавриат ва магистратура босқичларини тамомлаган бўлиб, юридик фанлар номзоди илмий даражасига эга.
У ташқи сиёсат маҳкамаси тизимида 20 йилдан ортиқ иш тажрибасига эга дипломат ҳисобланади.
Меҳнат фаолияти давомида у Ташқи ишлар вазирлигининг Шартнома-ҳуқуқий бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган, шунингдек, 4 йил давомида Пекин шаҳрида жойлашган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) котибиятида фаолият юритган.





